Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни Бухорода кенг нишонланди
2026-04-18 15:10:00 / Янгиликлар

Вилоятда фаолият кўрсатаётган Бошқарув сервис компаниялари вакиллари ва соҳага дахлдор корхона-ташкилотлар меҳнат жамоаларининг илғор вакиллари таклиф этилган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими йиғилганларни касб байрами муносабати билан самимий муборакбод этди. Ҳамда соҳада эришилаётган ютуқларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, айни пайтда вилоятимиздаги 29 та бошқарув сервис компаниялари томонидан шаҳар ва туманлардаги мавжуд 2 566 та кўп қаватли уйларга сифатли хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.
Хусусан, компаниялар қошида 24/7 режимида авария-диспетчерлик хизмати ва кўп квартирали уйларга туташ ер майдонларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш хизматлари йўлга қўйилди.
Қолаверса, соҳа таркибидаги 2 та иссиқлик корхонаси, Бухоро сув таъминоти акциядорлик жамияти ходимларининг ҳам вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимидаги фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади.
Биргина мисол, Бухоро вилояти аҳолисини марказлашган ичимлик суви ҳамда туманлар марказларини оқава таъминоти билан таъминлаш мақсадида Осиё инфратузилма инвестисиялари банки билан бирга қиймати 633,5 млн долларга тенг лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 2016-йилги 54,5 фоиздан, 2026-йилда 80 фоизга етди.
Марказлашган иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида эса Жаҳон банки иштирокидаги “Бухоро, шаҳрида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида “Бухороенергомарказ АЖ иссиқлик корхонасида умумий қиймати 22,62 млн.АҚШ доллари бўлган лойиҳа амалга оширилди.
Бунинг натижасида Бухоро шаҳридаги 202 та кўп қаватли уй-жойлар ҳамда 32 та ижтимоий соҳа муассасаларининг марказлашган иссиқлик таъминоти яхшиланди.
Шундан сўнг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири томонидан “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бир қатор соҳа фидоийларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, соҳа тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси, йиллар давомида садоқат билан хизмат қилгани учун эътироф этилган тизим ходимлари Фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Байрам тадбири вилоятимиз санъат усталари томонидан тайёрланган консерт дастури билан давом этди.









