"Зарафшон" маҳалласида тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланмоқда
2026-04-14 12:30:00 / Янгиликлар

Маҳаллада бугунги кунда 3480 нафар аҳоли истиқомат қилади. 1342 та оила ва 1241 та хонадон мавжуд бўлиб, асосий ривожланиш йўналиши савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар нафақат ўз даромадларини оширмоқда, балки янги иш ўринлари яратиш орқали маҳалла аҳолисининг фаровонлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Шундай ташаббускор тадбиркорлардан бири — Анвар Аминовдир. У ижарага жой олиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган ва бугунги кунда буюртма асосида кастюм-шимлар тикиш билан шуғулланмоқда. Анвар Аминов ҳунарманд сифатида Ҳунарманд уюшмасига аъзо бўлиб, ўз ишини нафақат бизнес сифатида, балки касб ўргатиш мактаби сифатида ҳам ривожлантириб келмоқда.
Тадбиркор дастлаб ишчиларини шогирдлик асосида қабул қилиб, уларга ҳунар сирларини ўргатган. Натижада уларни барқарор даромад манбаига эга қилиб, иш билан таъминлаган. Ҳозирги кунда унинг корхонасида 6 нафар ишчи фаолият юритмоқда ва у яна 5 нафар шогирдга касб ўргатмоқда. Ишчиларга ўртача 5–6 миллион сўм ойлик маош тўланади. Корхонанинг ойлик соф фойдаси эса 10–15 миллион сўмни ташкил этади.
Бу каби ташаббуслар нафақат тадбиркорнинг ўз фаолиятини кенгайтиришига, балки маҳалладаги ёшларни касбга йўналтириш, уларни банд қилиш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.



