Кичик бизнес — катта имконият: Бухорода яна битта меҳмон уйи ташкил этилди
2026-04-08 17:05:00 / Янгиликлар

Ана шундай ташаббуслардан бири Бухоро шаҳри, "Ҳ.Олимжон" маҳалласи, "М.Анбар" кўчаси 24-уй манзилида истиқомат қилувчи фуқаро Нозима Холова томонидан амалга оширилди. Унинг ташаббуси билан “Оилавий меҳмон уйи” (guest house) ташкил этилиб, бугунги кунда у сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Мазкур меҳмон уйи 15 та меҳмон ўрнига эга бўлиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланган ва меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда маҳалла ҳоким ёрдамчисининг амалий кўмаги муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш доирасида Нозима Холовага 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Олинган маблағлар меҳмон уйини таъмирлаш, жиҳозлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга йўналтирилди.
Бундай оилавий меҳмон уйларининг ташкил этилиши нафақат сайёҳлар учун қулай жойлаштирув имкониятларини кенгайтиради, балки маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, хизматлар экспортини ривожлантириш ва ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Шунингдек, оилавий меҳмон уйлари орқали миллий урф-одатлар ва анъаналарни сайёҳларга яқиндан таништириш имконияти ҳам яратилади.
Хулоса қилиб айтганда, Бухоро шаҳрида туризм соҳасининг изчил ривожланиши шароитида Нозима Холова каби ташаббускор фуқаролар томонидан амалга оширилаётган бундай лойиҳалар соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.






