“Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларига старт берилди
2026-03-24 10:30:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Спорт вазири Адхам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, спортчи ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Видеоконфренс алоқа тарзда ташкил қилинган тадбирда 14 та ҳудуд, 208 та шаҳар туманлар онлайн иштирик этишди. Тадбирда сўз олганлар Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан йўлга қўйилган мазкур нуфузли мусобақа ёш авлодни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш, иқтидорли ва истиқболли спортчиларни саралаб олиш ҳамда келгусида халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган чемпионларни тарбиялашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Шундан сўнг рамзий тугма босилиб, нуфузли спорт мусобақасига старт берилди.
2026-йилги мавсум доирасидаги мусобақалар 13–14 ёшли спортчилар, бадиий гимнастика спорт тури бўйича эса 11–12 ёшли қизлар ўртасида ташкил этилади. Беллашувлар 21 та Олимпия спорт тури бўйича 205 та дастур асосида ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур мусобақалар ёш спортчилар учун катта имкониятлар майдони бўлиб, улар орқали янги истеъдод эгалари кашф этилиши, келажак Олимпиада чемпионлари шаклланиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, мусобақалар анъанавий тарзда уч босқичда ташкил этилади. 1-босқич — “Туман ва шаҳар ҳокими Олимпиадаси”. Мазкур босқич март–апрел ойларида ўтказилиб, 13 та спорт тури бўйича ташкил этилади. 2-босқич — “Ҳоким Олимпиадаси”. Май–июн ойларида ўтказилиши режалаштирилган ушбу босқичда 19 та спорт тури бўйича энг кучлилар аниқланади. 3-босқич — “Президент Олимпиадаси”. Мусобақаларнинг финал босқичи ҳисобланиб, унда саралаш босқичларида ғолиб ва совриндор бўлган энг иқтидорли спортчилар 21 та Олимпия спорт тури бўйича ўзаро баҳс олиб борадилар.
Бугун Бухоро шаҳар ҳокими олимпиадаси дзюдо спорт тури билан бошланади.









