Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
2026-02-20 17:45:00 / Янгиликлар

Сессия давомида Бухоро шаҳрида 2025 йил мобайнида ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан масъул мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди. Таъкидланганидек, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, таълим ва маънавий-маърифий йўналишлардаги лойиҳаларни кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилган.
Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Бухоро шаҳар бўлими томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот ҳам эшитилди. Ҳисоботда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария ҳолатини яхшилаш, профилактик тадбирларни кучайтириш, эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Сессия кун тартибидаги яна бир муҳим масала — Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ҳузуридаги ёшлар маслаҳат гуруҳи таркибига ўзгартириш киритиш масаласи бўлди. Унга кўра, гуруҳ фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини кенг жалб этиш мақсадида таркибий ўзгартишлар киритилди.
Шу билан бир қаторда, Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши ва Кенгаш доимий комиссияларининг 2026 йил учун мўлжалланган иш режалари муҳокама қилиниб, тасдиқланди. Янги иш режаларида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Сессия якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.









