KFC Бухоро шаҳрида ўз филиалини очди
2026-02-16 13:00:00 / Янгиликлар

Филиал очилиши натижасида 40 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Ишга қабул қилинганларнинг асосий қисмини 18–25 ёшли ёшлар ташкил этади. Хусусан, Фурқат маҳалласида истиқомат қилувчи ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланиб, уларнинг даромад манбаи яратилишига эришилди.
Тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов иштирок этиб, янги филиал шаҳар иқтисодиёти ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим қадам эканини таъкидлади. Шундан сўнг меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишишди.
Очилиш маросими доирасида ташкил этилган консерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Унда таниқли санъаткорлар Ғайбулла Турсунов ва Жасмин чиқиш қилиб, йиғилганларга байрамона руҳ бағишладилар.
Янги филиал шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун замонавий сервис, тезкор хизмат ва қулай муҳитни тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
