Ҳунарли аёл — фаровон оила, барқарор маҳалла демакдир
2026-02-14 13:20:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Ҳавзи-нав” МФЙда истиқомат қилувчи Шоира Шодиева аёллар дафтарининг ишсизлик тоифасига киритилган бўлиб, Мономарказ орқали пишириқчилик курсларига йўналтирилди. Натижада у 17 млн сўм имтиёзли кредит олиб, пишириқчилик фаолиятини йўлга қўйди. Бугунги кунда у нафақат ўзини даромад билан таъминлаб келмоқда, балки “усто–шогирд” анъанаси асосида икки нафар ёшни касбга ўргатиб, уларнинг бандлигини ҳам таъминлади. Ҳозирда унинг ойлик даромади ўртача 3 млн сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Чармгарон кўчасида истиқомат қилувчи Маржона Умарова 17 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан кўрпадўзлик фаолиятини бошлади. У кўрпа, кўрпача, ёстиқлар ҳамда мато қирқимларидан турли хил тўшамалар тайёрлаб, буюртмалар асосида маҳсулот етказиб бермоқда. Ҳозирда у икки нафар шогирди билан биргаликда фаолият юритиб келмоқда ойлик даромади ҳам яхшигина.
Аҳмад Борбанд кўчасида истиқомат қилувчи, 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамасдан меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб турадиган Гулрух Комилова ҳам тадбиркорлик фаолиятини кенгайтирди. Илгари пишириқчилик билан шуғулланиб келган Гулрух 15 млн сўм имтиёзли кредит олиб, янги йўналиш — гипс ва шамлардан сувенирлар, гуллар, ошхона идишлари ҳамда стол чироқлари тайёрлашни йўлга қўйди. Бугунги кунда у уч нафар шогирди билан биргаликда ишлаб, ойига ўртача 4 млн сўм даромад топмоқда.
Олия Шукурова эса 100 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари асосида тикувчилик фаолиятини янада кенгайтирди. У миллий халатлар, вишивкалар, патдўзлик буюмлари, сумкалар, елпиғичлар, сўзанилар ва апликация асосида келин сарполари тикишни йўлга қўйиб, 12 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлади. Ҳозирда унинг ойлик даромади тахминан 6 млн сўмни ташкил қилмоқда.
Бундан ташқари, Ахмад Борбанд кўчасида истиқомат қилувчи Наргиза Бозорова субсидия асосида тикувчилик машинкаси олиб берилиб, унинг мустақил фаолият бошлашига кўмаклашилди. Бугунги кунда у ижара ва шерикчилик асосида иш юритиб, 33 млн сўм имтиёзли кредит орқали фаолиятини кенгайтирди. Келин сарполари, элита пардалар ва миллий нимчалар тикиш билан шуғулланаётган тадбиркор тўрт нафар шогирди билан биргаликда меҳнат қилиб, ойига ўртача 5 млн сўм даромад олмоқда.
Ушбу мисоллар маҳаллада аҳолини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали барқарор бандлик ва даромад манбаларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
