“Ишбилармон аёл–2026”
2026-02-13 19:35:00 / Янгиликлар

Лойиҳа доирасида “Кўкалдош” МФЙда маҳалла саралаш босқичи ўтказилди. Унда маҳаллада фаол меҳнат қилиб, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантираётган ишбилармон аёллар ўз фаолиятлари, ютуқлари ва тажрибалари билан иштирок этдилар. Жумладан, оилавий рассомчилик ва минатюрачилик, миллий кийимлар тикиш, болалар кийимлари ишлаб чиқариш, кулолчилик каби йўналишларда самарали иш олиб бораётган хотин-қизлар эътироф этилди.
Айниқса, “усто–шогирд” анъаналари асосида ёш қизларга касб-ҳунар ўргатиб, уларни меҳнатга жалб этиб келаётган тадбиркор аёллар фаолияти тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди. Бу ташаббуслар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва маҳаллада ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда маҳаллада кичик ва ўрта тадбиркорликнинг ривожланиши натижасида аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб, оилалар даромади ошиб бормоқда. Хотин-қизларимиз ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиб, оила фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар турли номинациялар бўйича ташаккурномалар билан тақдирланиб, уларнинг фаолиятига юксак баҳо берилди.
