“Хўжа Ғунжорий” маҳалласида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган тадбиркорлик ташаббуслари
2026-02-12 15:30:00 / Янгиликлар

Маҳаллада фаолият юритаётган етакчи тадбиркорлардан бири — Жасмина Юсупова бўлиб, у давлат томонидан ажратилган 120 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига тўй ва маросимлар учун хизмат кўрсатувчи “Жасмин” сарпо дўконини ташкил этди. Мазкур савдо нуқтасида миллий ва замонавий сарполар ишлаб чиқарилиб, аҳолига таклиф этилмоқда. Энг муҳими, ушбу тадбиркорлик лойиҳаси доирасида 11 нафар хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланди. Ишчиларга меҳнат самарадорлиги ва бажарилган иш ҳажмига қараб иш ҳақи тўланиши йўлга қўйилган.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи яна бир ташаббускор аёл — Дилафруз Закирова томонидан уй шароитида тикувчилик цехи ташкил этилган. Ушбу цехда 8 нафар хотин-қиз иш билан таъминланиб, буюртмалар асосида миллий ва замонавий либослар тайёрланмоқда. Тадбиркорнинг меҳнацеварлиги ва маҳсулотлар сифати натижасида мижозлар ишончи мустаҳкамланиб бормоқда.
Яна бир ибратли тажриба Азима Ҳалимованинг фаолияти билан боғлиқ. У нонвойчилик йўналишида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, яшаш манзилида новвойхона ташкил этган. Бугунги кунда мазкур новвойхонада 5 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлиб, ҳар бир ишчига ойига 2 миллион сўм миқдорида барқарор иш ҳақи тўланмоқда. Бу каби ташаббуслар маҳаллада ижтимоий ҳимояни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, маҳалладаги тадбиркор аёллар ўз меҳнати ва ҳунари орқали нафақат аҳоли эҳтиёжларини қондириб, балки барқарор даромад манбаига эга бўлиб келмоқда. Шубҳасиз, ҳар қандай касб ва ҳунар машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва қатъиятни талаб этади.
“Хўжа Ғунжорий” маҳалласида амалга оширилаётган бундай тадбиркорлик ташаббуслари хотин-қизлар бандлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
