Бир ой давом этган "Саломатлик марафони" якунланди
2026-02-05 17:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев, тиббиёт ходимлари, талаба ёшлар иштирок этди. Тадбирда Қурбон Турсунов ҳамда Элёр Олтией сўзга чиқиб, марафоннинг аҳамияти, унинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдаги ўрни, ҳамкорликдаги ташкилотларнинг биргаликдаги ҳаракати хусусида тўхталишди. Тадбир доирасида бир ой давомида марафонда фаол иштирок этган тиббиёт марказлари ва ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, “Саломатлик марафони” икки босқичда Бухоро шаҳридаги 11 та оилавий поликлиника ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникада ташкил этилди. Марафон доирасида поликлиникаларда 18 турдаги лаборатор ва 29 турдаги инструментал текширувлар ўтказилиши учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар жалб этилди. Жумладан, 1 тадан мобил маммограф ва ангиограф фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят муассасаларининг 18 та йўналишдаги етакчи мутахассислари иштироки таъминланди. Аҳоли учун 7 турдаги тиббий кўриклар ва сурункали касалликлар бўйича текширувлар бемор маршрутлари асосида амалга оширилди.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар учун 34 турда, кундузги шифохона ва физиотерапия хизмати учун 6 турда тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Шу билан бирга, аҳолига бепул тақдим этиладиган 82 турдаги дори воситалари ҳамда 62 турдаги тиббий буюм ва сарфлов воситалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилди.
Марафон давомида Бухоро шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиника ва 11 та оилавий поликлиникага жами 77 268 нафар аҳоли мурожаат қилиб, 206 780 та қабул амалга оширилди. Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва вилоят муассасаларининг 18 та йўналишдаги 18 нафар етакчи мутахассислари томонидан марказий поликлиникага йўналтирилган 1 664 нафар фуқаро чуқур тиббий кўриклардан ўтказилди. Уларнинг 413 нафарига стационар, 1 251 нафарига эса амбулатор даволаниш тавсия этилди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, 841 нафар камбағал оила аъзоларидан 839 нафари, яъни 99,7 фоизи тиббий кўриклар билан тўлиқ қамраб олинди. Уларнинг 173 нафари болалардан иборат. Шунингдек, 187 нафар ногиронлиги бўлган шахслар тиббий кўриклардан ўтказилиб, уларнинг 56 нафари 18 ёшгача бўлган болалардир.
Бундан ташқари, 153 нафар байналминал жангчилар, 26 нафар ЧАЭС қатнашчилари, 7 нафар 1941–1945 йиллар уруш қатнашчилари, ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар ҳам тиббий кўриклар билан қамраб олинди. Турли касалликлар аниқланган 186 нафар фуқаронинг 180 нафарига амбулатор, 6 нафарига эса стационар даволаниш тавсия этилди.
“Саломатлик марафони” Бухоро шаҳри аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлида муҳим амалий тадбир сифатида юқори баҳоланди.
Тадбир якунида иштирокчилар ва меҳмонлар учун байрамона руҳда концерт дастури ташкил этилди. Унда санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди, шунингдек, ҳарбийлар ҳамда спортчи ёшлар томонидан ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Мазкур чиқишлар тадбирга алоҳида кўтаринки кайфият бағишлаб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.








