Бухорода илк бор “Янги авлод – Бухоро шаҳар ҳокими кубоги” мусобақаси ўтказилди
2026-01-17 17:35:00 / Янгиликлар

Мазкур мусобақа мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилиб, унда Бухоро вилоятининг турли ҳудудларидан 200 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Тадбирда Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов қатнашиб, ёшларнинг инновацион ғояларга бўлган қизиқиши, техник ижодкорлиги ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида бундай мусобақаларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.
Мусобақа замонавий технологик йўналишлар бўйича қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтди. Беллашувлар давомида иштирокчилар роботларни лойиҳалаш ва дастурлаш, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, механика, аеродинамика ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини амалий тарзда намоён этдилар. Мусобақа қатнашчилар ўртасида соғлом рақобат билан бирга ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик муҳитини ҳам шакллантирди. Шу боис тадбир нафақат техник беллашув, балки ёшлар ўртасидаги дўстлик байрами сифатида ёдда қолди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, кубок ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақада қатнашган барча иштирокчиларга сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Алоҳида эътиборга молик жиҳати шундаки, ушбу форматдаги робототехника ва авиамоделлаштириш мусобақаси вилоят миқёсида илк маротаба ўтказилди. Бу эса вилоятда СТЕАМ таълими, технологик спорт ва инновацион йўналишларни ривожлантириш, иқтидорли ўқувчи-ёшларни аниқлаш ва келгусида йирик республика ҳамда халқаро мусобақаларга тайёрлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Мазкур мусобақа келгусида анъанавий тарзда ўтказилиши, ёшлар учун янги имкониятлар ва юксак марралар сари мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. 4 та йўналишда ўган мусобақада қуйидаги натижалар қайд этилди. "Робо Раcе" йўналишида Аҳмаджон Истамов, "Лине Фоллоwер" йўналишида Шохрухмирзо Ҳафизов, "Робофутбол" йўналишида Шукуржон Бахшиллоев ва Озодбек Рамазонов, ҳамда "Резина моторли авиамоделлар" йўналишида Феруз Баходировлар ғолибликни қўлга киритишди.









