Бухоро шаҳрида янги дзюдо спорт зали фойдаланишга топширилди
2026-01-14 16:10:00 / Янгиликлар

Ана шундай ташаббуслар доирасида Бухоро шаҳар 2-сон спорт мактаби ҳудудида барпо этилган замонавий дзюдо спорт залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва спортчи ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят раҳбари янги иншоот билан барчани қутлаб, эришилаётган юқорри марралар таг замирида юртимизда спортга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик эканини таъкидлади. Шундан сўнг рамзий лента кесилиб, меҳмонлар спорт залида яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.
Мазкур спорт иншооти 1 миллиард 850 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилиб, ёшларимиз учун барча замонавий талаблар ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган шароитлар билан таъминланди. Эндиликда маҳалла ёшлари дзюдо спорт тури билан шуғулланиши учун узоқ масофа босиб юришлари шарт эмас. Бу ўз навбатида ота-оналар учун ҳам қулай.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда спорт мактабида 71 нафар малакали тренер фаолият юритиб, улар қўл остида жами 2 159 нафар спортчи, жумладан 436 нафар қизлар мунтазам машғулот олиб бормоқда. Мактабда 27 та спорт тури бўйича машғулотлар йўлга қўйилган. Спортчиларнинг меҳнати ва фидойилиги юқори натижалар билан ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, 2025-йил давомида спорт мактаби тарбияланувчилари томонидан жами 520 та медал қўлга киритилди. Шунингдек, 178 нафар спортчи спорт разрядларига эга бўлди, 6 нафар спортчи эса фахрли спорт унвонларини қўлга киритди. Бундан ташқари, спорт мактабининг иқтидорли спортчилари “Олимпия чўққилари” мусобақасининг Республика босқичида муносиб иштирок этиб, Бухоро спорт мактабининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Бугунгача эришилган ютуқлар шуни кўрсатадики, спортчилар шижоат билан ғалабаларга эришмоқда. Фойдаланишга топширилган ушбу замонавий спорт мажмуасидаги қулай шароитлар эса янада катта имкониятлар эшигини очади.









