Иқтисодий комплекс раҳбарлари 24/7 кўча фаолияти билан танишди
2026-01-05 19:30:00 / Янгиликлар

Танишув жараёнида мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар, яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган имкониятлар атрофлича кўздан кечирилди. Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида маҳаллий буджет ҳисобидан 7,2 млрд сўм, шунингдек, тадбиркор ва ташаббускор ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 8,7 млрд сўм инвестиция йўналтирилиб, 90 га яқин тадбиркорлик субектлари фаолияти кенгайтирилди.
Кўча бўйлаб жойлашган тадбиркорлик биноларининг биринчи қаватларида турли хил кафелар, ресторанлар ва стрит-фуд шохобчалари фаолияти йўлга қўйилгани, бу эса нафақат маҳалла, балки шаҳар иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, ҳудудда 1,6 км йўлаклар бордюрлаштирилгани, 1,6 км кабеллаштириш ишлари бажарилгани, замонавий кўча чироқлари ўрнатилгани, ичимлик ва иссиқлик суви қувурлари янгилангани, пиёдалар йўлаклари бетонлаштирилгани ҳамда манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилгани қайд этилди
Тадбир давомида масъуллар томонидан яратилган инфратузилма ва қулай шароитлар келгусида тадбиркорлик субектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.









