Қурбон Турсунов ёшлар билан мулоқот қилди
2025-12-18 15:05:00 / Янгиликлар
Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов Ёшлик маҳалласида 13 нафар ёшлар билан учрашув ўтказди. Очиқ мулоқот руҳида ташкил этилган учрашувдан кўзланган асосий мақсад — ёшларнинг бугунги кундаги муаммо ва эҳтиёжларини бевосита жойида ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Учрашув давомида ёшлар томонидан бандлик, касб-ҳунар ўрганиш, таълим олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кредит расмийлаштиришга оид масалалар кўтарилди. Ҳоким ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, ёшларнинг фаол ва ташаббускор бўлиши жамият тараққиётининг муҳим омили эканини таъкидлади.
Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ва мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Билдирилган муаммо ва таклифлар юзасидан тегишли соҳа масъулларига аниқ топшириқлар юклатилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олиниши қайд этилди.









