Қурбон Турсунов хориждаги ёшлар билан онлайн мулоқот қилди
2025-12-09 17:30:00 / Янгиликлар
Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов чет элда таҳсил олаётган ва меҳнат миграциясида бўлиб турган ёшлар билан онлайн мулоқот қилди. Мулоқот давомида ҳоким ёшларнинг бугунги турмуш шароити, меҳнат фаолияти, дуч келаётган муаммолари ҳамда келажак режалари билан яқиндан танишди.

Учрашувда қатнашган ёшлар яшаш ва ишлаш жараёнида учраётган айрим қийинчиликлар, ҳуқуқий масалалар, касбий ривожланиш бўйича таклифларини билдирдилар. Ҳоким эса уларнинг мурожаатларини тинглаб, мутасадди ташкилотларга тегишли топшириқлар берди.
Қурбон Турсунов хориждаги ёшларга мамлакатда яратилаётган янги иш ўринлари, қўшимча касб ўқишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича имкониятлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, юртга қайтишни истаган ёшлар учун зарур кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Онлайн мулоқот самимий ва очиқ руҳда ўтди. Ёшларга доимий алоқада бўлиш, улар билан мунтазам фикр алмашиб бориш бўйича келишиб олинди.








