“Ситораи Моҳи Хосса” маҳалласида томорқа ерларидан унумли фойдаланилмоқда
2025-11-24 10:30:00 / Янгиликлар

Саломат Жумартова 8 йилдан бери уйидаги 1 сотихлик иссиқхонада фаолият юритиб келмоқда. Иссиқхонада лимон, банан ва мандарин каби ситрус мевалар етиштирилади. У деҳқончиликнинг қоида ва меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда юқори ҳосил олишга эришган. Сўнгги икки йилда унинг меҳнати ўз самарасини берди. Йилига 500 кгдан ортиқ лимон, 2 туп банан ва 2 туп мандарин дарахтларидан 50 кгдан ҳосил етиштириб, бундан сезиларли даромад олинаётгани бунинг яққол исботидир. Ҳозирги кунда иссиқхонада лимон парваришланмоқда. Маълумот ўрнида ҳар мавсумда маҳалла аҳолисини таъминлаш билан биргаликда лимонлар бозор расталарига ҳам чиқарилади.
Ушбу иш жараёнида доимий равишда 3 нафар ишчи фаолият юритиб, мавсумда уларнинг сони 5 нафаргача етади. Ишчиларга бир кунга 100 мингдан 150 минг сўмгача иш ҳақи тўланади.
Тадбиркор нафақат ўз шахсий иссиқхонасини ривожлантириш билан шуғулланади, балки келгусида маҳалла ҳудудида 10 иш ўрнига эга бўлган 10 сотихлик замонавий иссиқхона қуришни мақсад қилган. Ушбу замонавий иссиқхонада 20 дан ортиқ кўчат турлари – турли эртанги ва кечги қовун, ошқовоқ, қалампир кўчатлари етиштирилиши режалаштирилмоқда.



