Сабоҳат Бозорова томорқасидан яхшигина фойда олмоқда
2025-11-20 15:45:00 / Янгиликлар

Сабоҳат Бозорова оилавий фаровонликка эришиш, ўз меҳнати билан барқарор даромад топиш мақсадида иссиқхона ташкил этишни ният қилган. Ушбу эзгу ташаббусни амалга оширишда давлат томонидан кўрсатилган кўплаб ёрдамлар унга муҳим таянч бўлди.
Аввало, тадбиркорнинг қизи Нилуфар Муҳитдинова камбағаллик реестрига киритилиб, оилага 30 сотих ер майдони, шунингдек, Нилуфар Муҳитдинованинг турмуш ўртоғига 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Яна бир катта кўмак сифатида оилага замонавий иссиқхона қуриб берилди. Ушбу имкониятлар оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш баробарида, уларни мунтазам даромадга эга бўлган тадбиркор оилага айлантирди.
—Иссиқхонамизда илк бор помидор етиштирдик ва жуда яхши даромад олдик. Ҳосилни йиғиб олганимиздан сўнг бодринг парваришига киришдик. Меҳнат қилганнинг меҳнати зое кетмас экан, баракаси бўларкан”, — дейди меҳнаткаш аёл.
Бугунги кунда иссиқхонада бодринг етиштириш давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида ҳар ойда 4 миллион сўмдан ортиқ соф фойда олинмоқда. Етиштирилаётган маҳсулотларнинг бозори чаққон бўлиб, маҳалладан ортмаяпти.
Сабоҳат Бозорова мисолида кўриш мумкинки, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар битта мақсадга — аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва фаровон ҳаёт сари йўл очишга хизмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 19-ноябр куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Бухоро шаҳри ишсизлик даражаси 4 фоиздан пасайиб, илк бор “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашгани қайд этилганди.









