Дадахон Низомов: «Иссиқхонадан топаётганимиз хорижда ишлаб топганимиздан баракалироқ!»
2025-04-05 15:50:00 / Янгиликлар

Қарабсизки, Дадахон Низомов ҳовлисидаги 25 сотихдан иборат экин ерида иссиқхона қуриб, турмуш ўртоғи ва оиласи билан биргаликда деҳқончилик фаолиятига жиддий киришди. Бугунга келиб Низомовлар иссиқхонасининг 22 сотих қисмида серҳосил навга мансуб помидор кўчатлари парваришланаётган бўлса, 3 сотихли ерда қулупнай экиб етиштирилмоқда.
Қулупнай Кореянинг «Сён Хин» навига мансуб бўлиб, плёнка остида кокос қипиғидан иборат жўякларда, «гидропоника» услубида парвариш қилинмоқда. Жўяклар бўйлаб томчилатиб суғориш тармоғи ўтган. Ҳозирда ҳосилга кирган эгатлар остида, 3 сотих ерда эса булғор қалампири етилмоқда. Тайинки, биргина иссиқхонадан ҳадемай 3 хилдаги сабзавот ҳосили саранжомланади.
—Ҳозирда қулупнайларимизни ҳар килосига 150 минг сўмдан ошириб харидор тайёр, қишлоғимиздаги савдо дўкони орқали сотяпмиз,—дейди иссиқхона эгаси Дадахон Низомов.—Февраль ойида булғор қалампиримиздан биринчи теримни териб бозорга чиқарганмиз.
Эндиликда жўякларда иккинчи терим ҳосили бўй кўрсатиб турибди. Қулупнай ва булғор қалампири етиштирилаётган 3 сотих ердан қўлга киритаётган даромадимиз 80 миллион сўмга етмоқда. Очиғи, бу бир пайтлар ярим йиллаб чет элда ишлаб топган пулимиздан кўпроқ.
Низомовлар уй хўжалигида кузда экиб етиштирилган бодринг ҳосили йиғиб олингач, февраль ойи дастлабки ҳафтасида қайтадан ер тайёрлаб, помидор кўчатлари ўтқазилиб, парваришга киришилган. Ҳозирда эгатлар оралаб помидор қизариб пишмоқда. Айни пишиқчилик мавсумида эса иссиқхонага қўшимча ишчи кучи ёлланади. Демак, қўни-қўшни ҳам бу ҳосилдан баҳраманд бўлишмоқда.
—Иссиқхонамизга 5 минг туп помидор кўчати ўтқазиб, парваришлаётган бўлсак, ҳар бир тупдан 2,5 килограмгача ҳосил олишни кўзлаганмиз. Хомчўтимизга биноан, бу камида 12 тонна сархил помидор дегани,—дейди миришкор оила бекаси Нилуфар Бозорова.—Оилавий хўжалигимизни ярим йилликда эришаётган моддий манфаатдорлигини чамаласак, помидорнинг ўзидан 150 миллион сўм атрофида.
Асосийси, меҳнатимиз ортидан орзу-ҳавасимизни кўряпмиз. Уй, автомашина сотиб олдик. Фарзандларни уйли-жойли қилиб, камолини кўрсак, ота-она учун бундан ортиқ бахт борми?!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати