Асосий контентга ўтиш

Республика ишчи гуруҳи Шофиркон туманида бўлди

2025-04-04 13:45:00 / Янгиликлар

Томорқадан самарали фойдаланишни ташкил қилган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш ҳамда камбағал оилалар билан манзилли ишлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада фаоллаштириш орқали 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамини ва муборак Рамазон ойини кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги 18-сонли Фармойиши қабул қилинган. Ўндан ортиқ мақсадни ўз ичига олган мазкур Фармойиш туфайли шу йил 11 март кунидан бошлаб юртимиз, жумладан, вилоятимизда «долзарб бир ойлик» сафарбарлиги эълон қилинган.

Бу жараёнда республика миқёсида маҳаллаларда 29 мингта кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш, зарур қишлоқ хўжалиги техникалари ва асбоб-ускуналарини ажратиш, аҳоли хонадонларига 1,23 миллион бош парранда, 24 минг оила асалари, 21 минг бош қўй-эчки ва қорамол етказиб бериш, 400 минг гектар аҳоли томорқаларида ва 180 минг гектар ижара асосидаги экин ерларида сабзавот-полиз, картошка, дуккакли ва бошқа сердаромад маҳсулотларни экиб етиштириш каби долзарб вазифалар ижросига эътибор қаратилмоқда. 

Жумладан, «долзарб бир ойлик» сафарбарлиги даврида Бухоро вилоятидаги мавжуд 65 минг гектар атрофидаги аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишни ташкиллаштириш, уй хўжаликларида томорқа ва иссиқхона фаолиятини жонлантириш баробарида чорвачилик, паррандачилик билан бирга қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик каби қўшимча сердаромад тармоқларни юритиш, ижтимоий муҳофаза чораларини кучайтириш орқали аҳоли яшаш шароитларини яхшилашга доир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Шу нуқтаи назардан, куни кеча республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ўктам Қуронбаев вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Ҳамид Мажидов ҳамроҳлигида Шофиркон туманида бўлиб, баъзи ижтимоий соҳа иншоотлари, маҳаллаларда аҳоли томорқаларини бориб кўрдилар.      

Туманда фойдаланишга топшириладиган янги иншоотлардан бири тиббиёт бирлашмаси замонавий русумдаги биносидир. Замонавий меъморий андоза асосида  қурилган бу тиббиёт маскани аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратади.

Шифохона 301 бемор ўрнига ва поликлиника 260 қатновга мўлжалланган бўлиб, беш қаватли мазкур тиббиёт бирлашмасининг барча даволаш бўлимлари умумлаштирилган. Қурилиш қиймати 47 миллиард 335 миллион сўмлик лойиҳа доирасида бино ертўласида ёрдамчи бўлимлар, биринчи қаватда қабул ва диагностика бўлимлари, рақамли рентген, МРТ, МСКТ текширувлари жойлаштирилмоқда. 

Иккинчи қаватда 17 ўринли анестезиология-реанимация, 10 ўринли шошилинч жарроҳлик, 15 ўринли режали жарроҳлик, 15 ўринли отолорингология бўлимлари ташкил этилиши белгиланган. Учинчи қаватда 10 ўринли шошилинч педиатрия, 10 ўринли шошилинч терапия, 25 ўринли болалар бўлими, 6 та болалар анестезиологияси реанимация, тўртинчи қаватда эса 90 ўринли туғруқ мажмуаси, бешинчи қаватда эса ҳар бир бўлим 20 ўринга мос равишда  кардилогия, эндокринология, терапия ҳамда неврология бўлимлари ташкил этилмоқда. 

Мутасаддилар бу бинода яратилган шарт-шароит, замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан яқиндан танишдилар. Янги шифохона биноси кенг ва ёруғ хоналар, замонавий лабораториялар, шошилинч ёрдам бўлимлари, стационар палаталар ва технологик жиҳатдан илғор қурилмалар билан таъминлангани мақсадга мувофиқдир. 

Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ўктам Қуронбаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи чекка тумандаги марказий истироҳат боғида ҳам бўлиб, масканда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

Боғдаги янгиланишшлар, бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари меҳмонлар эътиборидан четда қолмади. Боғ умумий кўриниши, экологик муҳитни янада яхшилаш мақсадида мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазилаётгани эътироф қилинди. Бунда болажонлар учун яратилаётган шарт-шароит, жумладан, боғ ҳудудидаги турли аттракционлар, янги арғимчоқлар, ўйин майдончалари ота-оналар учун ҳам фарзандлари мазмунли ҳордиқ чиқаришига  имкон яратмоқда.

Кейинги манзил—туман саноатининг истиқболли лойиҳаси "Амиртех" фабрикаси бўлди. «Бухоро Агрокластер» МЧЖ таркибидаги "Амиртех" тикувчилик комплекси таъсисчиси Азамат Султонов томонидан мутасаддиларга лойиҳанинг аҳамияти, ташкил этилиши ва туман иқтисодиётига қўшаётган улуши ҳақида маълумот берилди. 

Корхона «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган бўлиб, Туркия технологиялари асосида барпо этилган. 120 метрга 108 метр ўлчамдаги асосий цех замонавий тикув дастгоҳлари ва техникалар билан тўлиқ жиҳозланган. Лойиҳа умумий қиймати эса 50 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади.  

«Амиртех» тикувчилик мажмуаси ҳозирда 300 га яқин иш ўрнини яратган бўлиб, бу туман аҳолисининг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Корхона пахта хом ашёсини тўғридан-тўғри тайёр маҳсулотга айлантириш имконини берувчи замонавий цехлар, кенг омборхоналар, офис ва қўшимча бинолардан иборат. Ушбу комплекс фаолияти, яратилган инфратузилма ва юқори сифатли маҳсулотлар вакилларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар замонавий технологиялар асосидаги ишлаб чиқариш жараёни, мавжуд шарт-шароит, ходимлар учун яратилган имкониятлар билан танишдилар. Улар «Амиртех» тикувчилик комплексининг иқтисодий ва ижтимоий аҳамияти, айниқса, туманда бандликни оширишдаги ўрнини юқори баҳоладилар. Келгусида корхонанани янада ривожлантириш чора-тадбири белгиланмоқда.

Республика ҳамда вилоят мутасаддилари бўлган «Қалмақон» МФЙда аҳоли турмуш даражасини ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасида бир қатор чора-тадбир амалга оширилмоқда. Айни кунда 5 минг нафарга яқин аҳолиси бўлган маҳаллада  ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, бандлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракат рўёбга чиқарилмоқда. Ўрганишлар жараёнида "маҳалла еттилиги" масъуллари ўз йўналишлари бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот бердилар.

Маҳаллада ишсизликни бартараф этиш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатишда ҳам тизимли ёндашув йўлга қўйилган. Ишсиз фуқаролар меҳнат бозорига жалб этилиб, тикувчилик, дурадгорлик, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик каби йўналишларда фаолият юритмоқда. Бу эса «маҳалла — халққа энг яқин тузилма»  тамойили амалда ўз исботини топаётгани далолатидир.

Туманнинг Тезгузар ҳудудида жойлашган «Ҳаж агро» иссиқхонаси бугун нафақат сифатли маҳсулот етиштираётган хўжалик, балки иссиқхоначиликда илғор тажриба маркази сифатида танилмоқда. Ана шундай натижаларга гувоҳ бўлиш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Қуронбаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи мазкур иссиқхонада ҳам бўлди. 

Ўрганишлар чоғида меҳмонлар иссиқхона фаолияти, экин парвариши ва агротехника қоидаларига амал қилиниши билан яқиндан танишдилар. «Ҳаж агро»да йил давомида икки маротаба ҳосил олинади: кузда бодринг, помидор, баҳорда эса бақлажон, булғор қалампири экиб етиштирилади. Ҳозирда иссиқхонада «Барселона Ф1» ва «Аврора» навли бақлажон ҳосил бера бошлаган бўлиб, июнь ойида терим тўлиқ якунланади. Муҳими, бу ерда замонавий агротехник усуллар асосида парвариш қилинаётган ҳар бир туп бақлажондан 4 килограм атрофида ҳосил олинмоқда. Иссиқхонада фаолият юритаётган жамоа ҳар мавсумда юқори натижаларга эришиб келмоқда. 

Ташриф давомида мутасаддилар миришкорлар билан суҳбатлашиб, томорқа ва иссиқхоначиликдаги агротехник ёндашувлар, маҳсулот сифатини ошириш ва бандлик юзасидан фикр алмашдилар.Албатта, бу каби замонавий лойиҳалар кўпайиши аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

44

Охирги янгиланиш: 2025-04-04 16:13:18

Республика ишчи гуруҳи Шофиркон туманида бўлди