Асосий контентга ўтиш

Олот: Маҳфуза Бозорова томорқасидан мўмай даромад топмоқда

2025-04-03 20:40:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб маҳалла ва қишлоқларимизда, чекка ҳудудлар аҳоли масканларида томорқадан фойдаланиш даражаси анча ўсди. Аслида, омилкор миришкорга томорқа кони фойда. Илгари кўпчилик бу тамойилга эътибор бермаган бўлса, эндиликда экин ерини обод қилиб, ҳар қаричидан унумли фойдаланиш долзарб ишга айланди. Маҳалла маъмурияти ҳам томорқачиларга яқиндан ёрдамлашиб, даромад топишга кўмаклашаётгани айни муддао.

Шу ўринда Олот туманидаги аҳоли томорқачилари фаолиятига дахлдор баъзи маълумотларни келтирсак, 2024 йилги деҳқончилик мавсумида чекка туманда мавжуд 4 минг 471 гектар аҳоли томорқасида 52 минг 457 тонна эртанги сабзавот-полиз маҳсулоти етиштирилган. Чунончи, 570 гектарда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, шунингдек, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз, қолаверса, 700 гектардан ортиқ ерда 30 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштирилган. 

Жорий йил қишки ва эрта баҳор мавсумида эса биргина деҳқон хўжаликларининг 166 гектарида картошка, умумий ҳисобда 833 гектар майдонда пиёз, булғор қалампири, помидор, бодринг, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот маҳсулотлари экиб парваришлаш ишларига жадал киришилган. 

Айнан шундай ҳаракатлар натижасида бугун чекка туманнинг "Човдур" маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳфуза Бозорова хонадонида ҳам мавжуд 20 сотихдан иборат ер майдони обод қилиниб, унинг ҳар қаричидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Қишки мавсумда эса бу ернинг 1,5 сотих қисмида қурилган иссиқхонада ҳам рўзғорга зарур сабзавот маҳсулотлари экиб етиштириш тажрибаси тўпланган. 
Шу кунларда Бозорова хонадонидаги плёнка остида 300 туп атрофидаги помидор кўчати кўчириб ўтқазилиб, парваришланмоқда. Ҳар бир кўчатдан ўртача 2,5 килограмдан ҳосил олинса, ҳадемай миришкор оилада 700 килограм помидор йиғиб-териб олинади. Буни бозор баҳосида хомчўт қилинса, қўлга киритиладиган даромад 8 миллион сўм атрофида. 

Бундан ташқари, хонадон аҳли эрта баҳордан экин ерида   саримсоқпиёз, картошка, исмалоқ ва булғор қалампири ҳам экиб етиштириб, аввало рўзғорига қут-барака киритмоқда. Эътиборлиси, фақат томорқа ери билан чегараланиб қолмаган Маҳфуза Бозорованинг оғилхонасида 6 бош чорва моли, сигир-бузоқ, яна қўй, эчки ва ўндан ортиқ товуқ парваришланаётгани ҳам бошқаларга намуна десак, муболаға эмас.  

—Ҳалол пешона тери эвазига хонадонимизда сабзавот маҳсулотлари билан бирга сут, гўшт, тухум каби сархил маҳсулотлар ўзимиздан чиқмоқда. Ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиб, биринчи навбатда ўз рўзғори эҳтиёжини қопласа, камбағал оиланинг ўзи қолмайди,—дейди миришкор хонадон бекаси Маҳфуза Бозорова.—Ўзимиздан қиёс олсак, томорқамиздан олинаётган даромад туфайли ортиқча пул сарфлаб, бозор-ўчар қилиб юрмаймиз. Ҳалол меҳнатимиз ортидан ўғил, қизимни ўқитдик, уйли-жойли қилиб, орзу-ҳавасимизни кўрмоқдамиз. Ўтган йили даромадимиздан автомашина ҳам сотиб олдик. Шу боис, ҳадемай  иссиқхонамизни янада кенгайтириб, маҳсулдорликни оширишни ният қилмоқдамиз. Зеро, томорқа—бандлик, тўкинлик ва арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли ҳамдир.  Дастурхон файзу баракаси, турмуш фаровонлиги, юрт ободлиги ундан.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

 

40

Охирги янгиланиш: 2025-04-03 20:46:51

Олот: Маҳфуза Бозорова томорқасидан мўмай даромад топмоқда