Қоракўл: дўрманлик Фарҳод Тангриев токзорида ҳам иш қизғин...
2025-03-28 21:55:00 / Янгиликлар

Айни кунда Қоракўл туманида ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш имконияти мавжуд бўлган 861 гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, ҳар йили аҳоли эҳтиёжи учун ўнлаб тонна сархил узум ҳосили саранжомланмоқда. Шундан 509 гектар ерда мевазор боғ, 352 гектар майдонда узумзор-токзор маҳсулдорлиги оширилаётгани баробарида, қатор орасида сабзавот маҳсулотлари экиб, баракали ҳосил етиштириб келинмоқда.
Чекка туманнинг «Дўрман» маҳалласидан Фарҳод Тангриев ҳам айнан боғдорчиликда, токзор парваришида миришкор боғбонлардан. Кейинги йилларда у оила аъзолари билан биргаликда 1 гектар майдонда барпо қилган токзорини обод қилиб, узумнинг оқ кишмиши, тойфи, чарос, чиллаки каби навларидан парваришлаб, ҳар йилги мавсумда мўл ҳосил олишга эришмоқда.
—Узумчилик бизга ота мерос касб, шу билан бирга сердаромад соҳа,—дейди Фарҳод Тангриев.—Токлар тўғри парвариш қилинса, ҳосилдорлик йилдан-йилга ошиб бораверади. Кўп йиллик, «қари занг»лар ўрнига ўсиб чиқадиган ёш ниҳоллардан умрбод ҳосил олиш мумкин эканлигини ўз тажрибамиздан кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Парвариш вақтидан кечикмаса, агротехник тадбирлари тўла-тўкис бажарилса, ток касалланмайди. Шунданми, ўтган йили бу токзоримиздан 70 миллин сўм атрофида даромад қилдик. Яна қишки мавсумда бирор тоннага яқин майиз тайёрлашга ҳам эришдик. Шу меҳнатимиз орқасидан орзу-ҳавас кўриб, тўйлар қилдик, янги автомашина сотиб олдик. Эндиликда ортимиздан фарзандларимизни ҳам ерда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топишга ўргатмоқдамиз.
Узум ҳосилини даладан дастурхонгача келадиган жараён деҳқон миришкорларнинг пешона тери, заҳмати маҳсулидир. Шундай экан, бобо деҳқон ва боғбонларнинг ҳосилига, хирмонига барака ёғилаверсин, дастурхонларимиз тўкин-сочин, ризқи насибамиз мўл-кўл бўлаверсин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати