РШТЁИМ Бухоро филиалида икки беморда буйрак трансплантацияси операцияси бажарилди
2025-03-24 13:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 октябрдаги «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан айни кунда республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали томонидан ҳам беморларда трансплантация амалиётига доир жарроҳлик амалиётлари мувоффақиятли амалга оширилмоқда.
Мазкур муассаса мутахассис шифокорлари томонидан куни кеча навбатдаги жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бир неча йилдан буён буйрак етишмовчилиги ташҳиси билан азият чекиб, гемодиализ сеанслари ёрдамида даволаниб келишга мажбур бўлган бухоролик 2 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш юқори технологик мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди.
Пухта тайёргарлик ва пойтахт Тошкент шаҳридан таклиф қилинган бир гуруҳ трансплантолог мутахассислар билан ҳамкорликда филиалда буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти 6 соат давомида муваффақиятли ўтказилди. Шифокорлар саъй-ҳаракати билан кўчирилган буйрак ўз фаолиятини бошлади.
Шундай мураккаб операция амалиётини бошдан кечирган беморлардан бири Бухоро туманида истиқомат қилувчи 26 ёшли йигит ҳисобланади. Унга 46 ёшли онаси донор бўлди. Ҳозирда бемор-реципиент ва донорнинг аҳволи қониқарли, тиббий меъёрий талабларга мос. Икккинчи бемор, яъни 1996 йилда Қоракўл туманида туғилган хаста фуқарода ҳам буйрак жарроҳлик амалиёти қониқарли даражада ўтказилди.
Умуман, ҳукуматимиз томонидан тииббиёт соҳаси ривожига қаратилаётган эътибор туфайли юқоридаги каби бир қадар оғир ва мураккаб саналган трансплантация—жарроҳлик амалиётлари шу ерда талаб даражасида ташкил қилинмоқда ва беморлар реаблитацияси, яъни тикланиши сифатли олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, ҳозирда дардга чалинган, доимий даволаниш курсларига мансуб беморлар гуруҳи ўз она юртида шифо топиш бахтига эришмоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати