Асосий контентга ўтиш

Вилоят ҳокимининг ўринбосари иштирокида Пойжўйда эҳтиёжманд оилалар томорқасига ниҳол ўтқазилди

2025-03-18 18:30:00 / Янгиликлар

Вилоятда эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлашга доир зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров томонидан Ромитан тумани «Пойжўй» МФЙда ўзига бириктирилган камбағал оилалар аъзолари билан юзма-юз кўришиб, улар ташвиш-муаммолари ҳал қилинмоқда.

— Айни кунда Қалъаболо, Ўзбакон, Юқори ва Қуйи Пойжўй қишлоқларини ўз ичига олган маҳалламизда 810 та хонадон, 1040 та оила бўлиб, уларда жами 4 мингдан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилиб келмоқда, – дейди «Пойжўй» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наврўз Гадоев. —Айни кунда умумий ҳисобда маҳалла ижтимоий реестридан 99 та оила жой олган бўлиб, уларни моддий «соғломлаштириш», ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаини яратишда муайян ишлар қилинмоқда. Вилоят ҳокимининг ўринбосари бевосита биркитилган хонадонларга келсак, Лайло Тўраева, Мафтуна Қўзиева, Дилшода Рўзиева, Сожида Зайниева, Нодирабегим Сайфиевалар оилалари моддий қўллаб-қувватланмоқда.  

Масалан, яшаш шароити яқиндан кўздан кечирилиб, турмушини яхшилаш учун аввало чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб қилинаётган бу фуқароларнинг ҳар бирига лаёқати ва хоҳишига мос иш билан таъминлаш ҳаракатига киришилган.  Хусусан, Дилшода Рўзиева ҳудуддаги «Ромитекс» енгил саноат корхонасига, ойлик маоши 2,5 миллион сўмга тенг иш таклиф қилингани ҳолда яшаш уйининг фасад қисми таъмирлаб берилмоқда. Қолаверса, хонадонда 5 сотихли томорқа ерини обод қилиб, ҳар мавсумда ундан сабзавот маҳсулотларини экиб етиштириш орқали рўзғор эҳтиёжини қоплаш мумкинлиги тушунтирилган.   
 
Худди шундай, Лайло Тўраева ҳамда Мафтуна Қўзиевалар оилаларида ҳам ойлик даромад 1 миллион сўм атрофида бўлиб, ҳар бирида 10 сотихдан зиёд томорқа еридан унумли фойдаланилса, бемалол даромад топиш мумкинлиги тавсия қилинган. Қарамоғида норасида фарзандлари бўлган бу оилалар бекаларини иш билан таъминлаб, тиббий кўрикка жалб қилиб, саломатликлари тикланмоқда. 

Бундан ташқари, айнан Пойжўй маҳалласида ижтимоий муҳофазага олинган Сония Раҳмонова, Кенжагул Бешимова, Фарида Нурова, Қундуз Эргашева сингари эҳтиёжманд, якка-ёлғиз оналар ҳолидан хабар олиниб, улар турмуш сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
 
Эрта баҳор кўчат ўтқазиш мавсуми муносабати билан куни кеча бу оилалар вакиллари ҳам хонадонлари атрофида, томорқа ерлари четида 100 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздилар.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

 

49

Охирги янгиланиш: 2025-03-18 18:37:07

Вилоят ҳокимининг ўринбосари иштирокида Пойжўйда эҳтиёжманд оилалар томорқасига ниҳол ўтқазилди