Бухоро халқаро аэропортидаги қурилиш ишлари жадаллашди
2025-03-13 15:35:00 / Янгиликлар

Аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилинаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилингач, парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробарга ошган.
Шундай салоҳият Бухорода ҳам бор. Лекин у ердаги аэропорт аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади, холос. Бу талабга нисбатан жуда паст.
Парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари эскиргани қатновларни кўпайтириш имконини чекламоқда. Аксарият сайёҳлар Бухорога келиш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўлмоқда.
Вилоятда меҳмонхоналар тармоғи, зиёрат туризми ривожланиб бормоқда. Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 10 миллионга етказиш режа қилинган.
Шу боис 2024 йил 31 май – 1 июнь кунларида Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган эди. Давлат-хусусий шериклик асосидаги 226 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.
Бугун мазкур объектда қурилиш ишларини жадаллаштиришга бағишланган тадбир ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, республика идоралари мутасаддилари, соҳага дахлдор масъуллар, қурилиш-пудрат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Қуръон тиловат қилинди. Ботир Зарипов мутасаддиларга ишчи-ходимлар ва техникаларни кўпайтириш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати