Экспорт ва хорижий инвестицияларни ўзлаштиришнинг жорий ҳолати танқидий муҳокама қилинди
2025-03-12 22:50:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда Бухоро вилоятида 3,0 млрд.доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 350 млн.долларлик маҳсулотлар экспортини амалга ошириш бўйича қатъий топшириқ берилган. Хусусан, январь ойида 145,9 млн.доллар февралда 164,5 млн.доллар ҳамда И чоракда жами 449,5 млн.долларлик хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши белгиланган.

Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг жорий ҳолати ва келгусидаги режалар ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, ҳудудий инвестиция дастурига кўра, жорий йилда қиймати 11,2 трлн. сўмлик 503 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 14 минг та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Жумладан, саноат йўналишида қиймати 7,2 трлн. сўмлик 204 та лойиҳа доирасида, 8,7 минг та, хизмат кўрсатиш йўналишида қиймати 3,3 трлн. сўмлик 251 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 4,2 минг та, қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 0,7 трлн. сўмлик 48 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 1,1 минг та иш ўринлари яратилиши белгиланган. Амалда жорий йилнинг январь-февраль ойларида қиймати 203,7 млрд.сўмлик 49 та лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 396 нафар янги иш ўрни яратилиши таъминланган. Хусусан, ўтган 2 ой давомида Когон шаҳри, Қоровулбозор ва Қоракўл туманларида 1 тадан, Вобкент, Бухоро, Когон туманларида 2 тадан лойиҳа ишга туширилган.
-Мазкур туманлар раҳбарлари ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳаларни қайта хатловдан ўтказиб, тегишли чора-тадбирларни амалга оширмаса, чораклик ва йиллик иш ўринлари кўрсаткичларининг бажарилмаслик хавфини юзага келтиради. Шундан келиб чиқиб, 1-чорак якуни билан 114 та лойиҳани ишга тушириш натижасида 1260 та янги иш ўрни яратиш лозим,-деди Ботир Зарипов.
Жорий йилда жами 350,0 млн. долларлик (шундан, 329,0 млн. доллари саноат, 21,0 млн. доллари қишлоқ хўжалиги) маҳсулотларни экспорт қилиш прогнози белгиланган.
Йиғилишда январь-февраль ойлари учун белгиланган 40,3 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт режаси амалда 43,1 млн. долларга ёки 106,9 фоизга бажарилган бўлсада, айрим туманларда ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 50 фоиздан паст бўлганлиги қайд этилди. Ушбу йўналишда қишлоқ хўжалиги ва карантин бошқармалари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, муҳокамада саноат зоналарида янги лойиҳаларни жойлаштириш, бунинг учун салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди. Шаҳар-туманлар ҳокимларининг инвестиция ва экспорт йўналишида ҳисоботлари эшитилди.
Ҳудудларда 2025 йилда ишга туширилиши режалаштирилган ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида ишлаб, уларни муддатидан олдин ишга туширишини ҳамда янги иш ўринлари яратилишини таъминлаш, ҳудудий инвестиция дастуридаги истиқболсиз лойиҳалар ўрнига янги истиқболли лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, кичик саноат зоналаридаги мавжуд бўш ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш ҳамда бўш турган лотларга лойиҳаларни жойлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати