Бухоро туманида “Chevar Zarxalgold texstil” ва “Kuchli qalb” тикувчилик корхоналари очилди
2025-03-12 19:40:00 / Янгиликлар

Яқинда “Мустақиллик” МФЙ да фойдаланилмаётган бино ҳамда “Наврўз” маҳалласида жойлашган политехникум биносининг бўш хоналари маҳаллий ташаббускор тадбиркорларга берилгач, уларда бизнес лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, “Мустақиллик” маҳалласида “Chevar Zarxalgold texstil” ва “Наврўз” маҳалласидаги туман политехникуми биносининг бўш турган хонасида “Kuchli qalb” тикув корхонаси ташкил этилгани ҳисобидан ҳозиргача ишсиз ва даромадсиз бўлган 60 нафар аёлнинг бандлиги таъминланмоқда.
— Мазкур тикувчилик корхонамизда бугунга келиб 30 нафар чевар тикувчи ишлаётган бўлса, уларнинг аксарияти ҳудудда кам таъминлаган оилалар бекалари ва қизлари,—дейди “Kuchli qalb” тикувчилик корхонаси раҳбари Шавкат Ғаффоров.— Қолаверса, туман политехникуми ўқувчилари, ёш чеварлар ҳам дарсдан сўнг касб-ҳунар ўрганиш учун цехимизга қатнамоқда. Бизда буюртма асосида меҳнат жамоалари учун махсус коржомалар тикиб тайёрланмоқда. Чеварларимиз ҳар кунги тикиб топшираётган маҳсулотига қараб 2 миллион сўм атрофида ойлик маош олишмоқда.
Хорижий русумдаги “Jack”, “Baoyu” ва бошқа тикув машиналари, зарур ускуналар билан жиҳозланган бу икки кичик корхонада спорт-трикотаж, аёллар кийимлари, сочиқ ва чойшаблар билан бир қаторда аҳоли ва бозор талабидан келиб чиқиб кенг ассортиментдаги кийим-кечак тикиб тайёрланмоқда. Эндиликда маҳсулотни қўшни давлатларга экспорт қилиш чоралари кўрилмоқда. Бунда туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ҳамкорлигида мазкур тикувчилик корхоналари фаолияти қўллаб-қуватланиб, маҳсулдорлик, иш ўрни ва даромадни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Зеро, янги иш ўринлари аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати