Республика ишчи гуруҳи Вобкент ва Пешку туманларида аҳолини камбағалликдан чиқариш, бунда томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги ишларни ўрганди
2025-03-12 10:35:00 / Янгиликлар

Жумладан, 6-7 ойда қўзиларининг вазни 55-60, бир ёшда 75-80, катта қўчқорлар 175-180 килограмм «тош босади». Катта қўйнинг вазни 180 килограммга, бўрдоқига боқилса, қўчқори 220 ва ҳатто ундан ошиқ вазнга эга бўладиган бу «паҳлавон» қўйга қизиқиш ортиб бораётгани қувонарли, албатта.
— Чорвадор чўпон-чўлиқлар яхши билишади, ўзимизда қишнинг қуруқ изғиринию ёз жазирамасида ҳисори қўйни боқиш осон иш эмас, – дейди қўйчиликда селекционерга айланган Абдурасул Шоназаров.—Оиламиз билан шу қўйни бўрдоқичиликда астойдил боқиб кўришни ният қилганмиз. Водий вилоятидан харид қилинган қўйни мослаштириш учун ҳаракат қилиб, мутахассис зоотехниклар, ветеринарлардан тавсия олиб, ўтган тўрт-беш йилда ўз қўрамизга эга бўлганимиз оилавий ютуғимиздир.
Абдурасул Шоназаров кўп йил жайдари қўй боққан мутахассис сифатида бугун «сон эмас, сифат» тарафдорига айланган. Қўйчивон ҳозирда бу қўй зотидан келиб чиқиб, бўрдоқичиликда бир бош қўйнинг соф оғирлигини 200 килограмдан оширишни мақсад қилган.
Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов ҳамроҳлигида Вобкент туманида, ушбу хонадонда зотдор қўй парвариши билан яқиндан танишар экан, масъулларга унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштиришга доир тавсия ва топшириқларини берди.
Худди шундай, Б.Норқобилов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи "Латифсобунгар" МФЙда истиқомат қилаётган миришкор томорқачи Мухтор Шодиев уй хўжалигида ҳам бўлди. Хонадон соҳиби 10 йил бурун хонадонидаги томорқа ерининг 5 сотих қисмида барпо қилган иссиқхонасини томчилатиб суғориш технологияси асосида жиҳозлаб, унда сабзавот маҳсулотларини етиштириш тажрибасини ўзлаштирган. Кейинчалик бу иссиқхона 8 сотихга етказилгач, гидропоника усулида қулупнай етиштириш тажрибаси ҳам ўзлаштирилмоқда.
— Корея технологияси асосида тупроқ ўрнида — кокос қипиғини пойтахтдан буюртма асосида харид қилиб, жўяк ўрнида қаторларга резина шлангни тортиб, ҳосил қилинган экин майдонига 10 минг туп қулупнай ниҳолини ўтқазиб иш бошлаганмиз,—дейди томорқачи Мухтор Шодиев.—Гидропоника усулидаги фаолиятимизни бошлашга 200 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган бўлсак, эндиликда бу сармояни бир мавсумда бемалол, шу қулупнай ҳосилидан бартараф этиш имконига эгамиз. Бунинг учун эса агротехник парваришни тўғри олиб бориб, ҳадемай ҳосилни 3 тоннадан оширишни мақсад қилганмиз.
Умуман, куз-қишки мавсумда иссиқхона хўжаликларига осон тутиб бўлмайди. Негаки, плёнка остидаги ҳароратни талаб даражасида, меъёрида сақлаш тақозо қилинади.
Мухтор Шодиев ҳам кўп йилдирки, иссиқхона хўжаликлари учун камхарж ва самарадор иситиш тизими устида бош қотиради ва изланади. Дарвоқе, унинг асл касб-кори электр пайвандловчилик. Ҳатто, хорижга қатнаб ишлаганида ҳам шу касби ортидан тирикчилик қилиб, оиласини боққан. Бугун эса у интернет, ижтимоий тармоқлар орқали изланиб, Корея ва бошқа чет эл технологиялари орқали нафақат иссиқхона, балки аҳоли яшаш хонадонини қишки мавсумда қўлбола иситиш печини кашф этган.
Айтиш жоизки, бу печь ва қозонхона иссиқхоначи миришкор устанинг 5 йиллик меҳнати маҳсули. Бунгача эса муваффақиятсиз уринишлар, металлоломга топширилган «намуна»ларни айтмаса ҳам бўлади. Аммо қатъияти туфайли иситиш печи ва қозоннинг ҳозирча оптимал варианти яратилди. Меҳмонлар Мухтор Шодиев уй хўжалигидаги фаолият, деҳқончиликка инновацион ёндашувнинг самарасини бевосита кўриб, у билан мулоқотда бўлишиб, тажрибасини оммалаштириш чора-тадбирини белгиладилар.
Шунингдек, вилоятимизда хизмат сафари билан бўлган Баҳром Норқобилов бошчилигидаги масъуллар вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов ҳамроҳлигида куни кеча Пешку туманида ҳам бўлишиб, «Ибн Сино» ва «Садир» МФЙ ларида «Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла» доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқинлдан танишдилар. Ҳудуддаги намунали томорқачилар, уй хўжаликлари тажрибаси меҳмонлар эътиборидан четда қолмади.
Бу маҳаллаларни ишсизликдан, камбағалликдан, оилавий ажримдан, меҳнат миграцияси ҳамда жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, уларда «Сайхунобод», «Уйчи» тажрибалари, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, «Обод хонадон—обод кўча-обод маҳалла» меъзонларини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
— Айни кунда 1040 та хонадон, 1361 та оила ва уларда жами 4800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган «Ибн Сино» маҳалла фуқаролар йиғинимиз Афшона, Авдени, Янгиобод, Ибн Сино ва Қўрғонтепа қишлоқларидан таркиб топган, – дейди МФЙ раиси Уйғун Имомов. — Икки-уч йил бурун аҳолига тарқатилган унумдор экин ери ҳисобидан аҳоли хонадонларининг 936 таси ёки 2140 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланмоқда. Ҳудудда лидер тадбиркорлик субъектларидан Мустақим Тошев таъсисчилигидаги «Пешку Миксед Агрокултуре томорқа хизмати» МЧЖ таъминотчи ва буюртмачи сифатида бу деҳқон хўжаликларига бириктирилган. Шунга қарамасдан, маҳалламизда ижтимоий муҳофазага муҳтож, камбағал оила 16 тани ташкил этиб, ишсизлар ва чет элга қатнаб ишлаётганлар сони жами 200 нафардан зиёд эканлиги бор имкониятлардан самарали фойдаланишни тақозо этмоқда.
Туман ҳокими Ҳаёт Давлатов ҳамроҳлигида «Ибн Сино» МФЙ, Cўфилар қишлоғида фаолиятини юритаётган «Пешку лимончилик мактаби»га асос солган миришкор боғбон Нусрат Саидов иссиқхонасида парваришланаётган цитрус меванинг бир неча тури ва ундаги агротехник тадбирларни кўздан кечирдилар.
2017 йилда фермер хўжалиги негизида лимончилик мактабини яратишга муваффақ бўлган Нусрат Саидов иссиқхонаси атиги 1 гектар майдонни эгаллаганига қарамасдан, ундан ҳар йили баракали ҳосил олиб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида қишлоқда тажрибали деҳқонга ҳавас қилганлар ўз лимонарияларини ташкил қилишди, кўплар бу миришкор боғбон билан устоз-шогирдлик анъанасини йўлга қўйган. Ҳатто, қўшни туман ҳамда вилоятлардан Пешку лимончилик мактаби довруғини эшитиб келаётганлар ҳам оз эмас.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати