Вилоятимиз қишлоқ хўжалигида «долзарб бир ойлик» сафарбарлиги эълон қилинди
2025-03-11 20:25:00 / Янгиликлар

Бу жараёнда республика миқёсида маҳаллаларда 29 мингта кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш, зарур қишлоқ хўжалиги техникалари ва асбоб-ускуналарини ажратиш, аҳоли хонадонларига 1,23 миллион бош парранда, 24 минг оила асалари, 21 минг бош қўй-эчки ва қорамол етказиб бериш, 400 минг гектар аҳоли томорқаларида ва 180 минг гектар ижара асосидаги экин ерларида сабзавот-полиз, картошка, дуккакли ва бошқа сердаромад маҳсулотларни экиб етиштириш каби долзарб вазифалар ижросига эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада етакчи тадбиркорлар ёрдами билан аҳоли томорқаларида «Бир маҳалла—бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот экиб етиштириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, ариқ ва зовурларни тозалаш, сув йўллари ўзанини бетонлаштириш, оммавий ҳашар ва маданий тадбирларни ташкил қилиш, сув тизими оғир бўлган 874 та маҳаллани суғориш тармоғини яхшилаш, зарур ҳолда сув насослари ўрнатиш, ижтимоий мададга муҳтож, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаб, аввало уларга томорқадан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш орқали даромад манбаини яратиш, маҳалла ва қишлоқлар маркази, кўчалар, қабристонларни ободонлаштириш, уларни кўкаламзорлаштириш учун мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиб парваришлаш ишларига жиддий киришилмоқда.
Бугун вилоят ҳокимлигида масъул мутасаддилар, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, агрокомплексга тегишли ташкилот ва идоралар, агрокластерлар, туманлардаги студиялардан онлайн тартибда туман ҳокимлари ва уларнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик ва бошқа тармоқларда банд бўлган таъминотчи кластерлар, фермерлар иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши юқоридаги Фармойиш ва унга мувофиқ эълон қилинган сафарбарлик мазмун-моҳияти, қишлоқ хўжалигида долзарб вазифалар ижросига бағишланди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов олиб борган йиғилишда вилоятга бириктирилган масъул—республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов сўзга чиқди.
Жумладан, «долзарб бир ойлик» сафарбарлиги даврида вилоятдаги мавжуд 65 минг гектар атрофидаги аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланишни ташкиллаштириш, уй хўжаликларида томорқа ва иссиқхона фаолиятини жонлантириш баробарида чорвачилик, паррандачилик билан бирга қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик каби қўшимча сердаромад тармоқларни юритиш, ижтимоий муҳофаза чораларини кучайтириш орқали аҳоли яшаш шароитларини яхшилашга доир таклиф-мулоҳазалар, тавсиялар берилди.
Муҳокамада шунингдек, эрта баҳор мавсумида маҳаллий иқлим шароитида экин-тикин ишларини уюшқоқлик билан ташкиллаштириш, оғир шароитда яшаётган оилаларга узоқ йилга ижара асосида берилган дала томорқаларида маҳсулот етиштиришда яқиндан кўмаклашиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини кўпроқ ўтқазиш, жойларда сув таъминоти, суғориш тизимини яхшилаш билан бирга, фермер хўжаликлари учун жиддий синов бўлган экиш мавсумини қизғин бошлашга доир кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, жорий йил вилоят миқёсида янгидан ўзлаштирилаётган 20 минг гектар экин ери билан қўшганда, жами 100 минг гектар атрофидаги ерда саноат учун қимматбаҳо хом ашё пахта чигитини экиш ва бундан 400 минг тоннага етказиб «оқ олтин» хирмонини кўтариш мақсад қилинган. Худди шундай, вилоятда айни кунда 65 минг гектар ерда эртанги ризқ-рўз манбаи—ғалла майсалари парвариши талаб даражасида олиб борилмоқда. Ғаллакорликда банд бўлган 3 мингдан ортиқ фермер хўжалиги, агрокластерлар раҳбарлари зиммасига долзарб агротехник тадбирларни кечиктирмасдан бажариш вазифаси юкланди.
Бундан ташқари, аграр соҳанинг пиллачилик тармоғида жорий йил вилоятимизда 53 минг қути атрофида ипак қуртини жонлантириш ва провардида бундан 3200 тонна «кумуш тола» етиштириш мақсад қилинган. Бунинг учун мавжуд 120 та инкубация пункти моддий-техник аҳволини яхшилаш, шу қаторда озуқа базаси учун тутзорларни кенгайтириш мақсадида қўшимча 5 миллион туп тут кўчатини ўтқазиш тақозо қилинмоқда.
Қишлоқ хўжалигида эрта баҳорги долзарб чора-тадбирларга бағишланган йиғилишда масъул-мутасаддилар зиммасига шунингдек, вилоятда жорий мавсум кўзда тутилган 2 минг километрга тенг сув йўли, ариқ ва каналлар ўзанини бетонлаштириш, камхарж аҳоли хонадонларига имтиёзли қуриб берилган 3 мингта ихчам иссиқхонани кўпайтириш, хонадонларда сабзавот маҳсулотлари билан бирга гулчиликни оммалаштириш, боғ-токзорларни кенгайтириш чора-тадбирини кўришга доир қатор вазифалар юкланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати