Бухорода оммавий спортни ривожлантиришда янги босқич
2025-03-10 16:55:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар натижасида шу ўзгаришлардан баҳраманд бўлиб улғаяётган йигит-қизлар жаҳон ареналарида муносиб ўрин эгалламоқда, юртимиз байроғини дунё узра баланд кўтармоқда. Чунки ёшларимиздаги спортга бўлган қизиқиш доимо қўллаб-қувватланмоқда ва спорт соҳасини дунё миқёсида ривожлантириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши, унда белгиланган янги ўзгариш ва тартиблар, имкониятлар ҳамда ташаббуслар ҳам юқоридаги ислоҳотларнинг юксак залворини аниқ кўрсатиб берди. Йиғилишда спорт соҳаси чуқур таҳлил қилинар экан, ривожланиш йўлининг тўғри манзиллари аниқ кўрсатилди. Бунда тизимда ёндашувларни ўзгартириш, ёшларни спортга, айниқса, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни селекциялаш, рағбатлантириш бўйича мутлақо янги метод яратиш зарурлиги, Лос-Анжелесдаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш, уларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилиши, шунингдек, жорий йилда камида 10 нафардан спортчи ва мураббийни энг нуфузли хорижий спорт академияларида ўқитиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Аҳамиятлиси, спортчиларни келгуси Олимпиадага тайёрлаш учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм ажратилиши, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун жойлардаги 310 та спорт мактаби миллий терма жамоаларнинг селекция базасига айлантирилиши белгиланди.
Йиғилишда мамлакатимиз аҳолиси ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, спорт инфратузилмасини яхшилаш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланувчилар улушини камида 50 фоизга етказиш масаласи ҳам эътибор марказида бўлди. Бунинг учун ҳар бир олий таълим муассасасида спорт секциялари сони оширилади, спорт иншоотлари модернизация қилиниб, талабалар учун қулай шароитлар яратилади.
Бу жараёнда ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида олий таълим муассасаларида спорт тўгараклари ва мусобақаларини кўпайтириш, талабаларни спортга жалб этиш бўйича тарғибот ишларини кўпайтириш лозим албатта.
Мазкур ташаббуслар ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳам бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Бухоро, Нукус, Фарғона, Самарқанддаги каби спорт факультети бўлган олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, битирувчи курс ва магистратура талабаларини олти ойга спорт мактабларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилиши таъкидланар экан, бу муҳим тажрибани қўллаш имконияти Бухоро давлат университетда ҳам мавжудлиги бизни беҳад қувонтирди.
Айниқса, олийгоҳлар ректорларига янги методика ва ёндашувларни бевосита шу ерда жорий қилиб, спорт мактабларини дуал таълимнинг илмий-амалий базасига айлантириш имкони берилаётгани эндиликда спорт илми ва амалиёти уйғунлиги узлюксиз таъминланиши, спорт мактабларида таълим сифати, илмий салоҳият, рақобатбардошлик ошиши ҳамда мазкур соҳага қўйиладиган инвестиция самарадорлиги кўтарилиши каби истиқболли натижаларга йўл очади.
Бугунги кунда Бухоро давлат университетида ҳам спорт мактаблари билан ҳамкорлик, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича ишлар самарасини кўрсатмоқда. Аввало, бу борада жамоамизда оммавий спорт билан шуғулланиш тартиби тўғри ташкил этилгани, ҳар ҳафтанинг икки кунида эрта тонгдан профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ўртасида бадантарбия машғулотлари ўтказилиши, «спорт ойлиги», «5.000 қадам», «веломарафон» ҳамда «спорт куни» каби доимий марафонлар ташкиллаштирилаётгани ҳам талаба-ёшларга яхшигина ибрат вазифасини ўтади.
Талаба-ёшларнинг оммавий спортга қизиқишини янада ошириш йўлида амалга оширилган ишлар натижасида университетдан «Париж-2024» Паралимпиадаси олтин медали соҳиби Жисмоний тарбия ва спорт факультети доценти Шерзод Намозов, Жисмоний тарбия йўналиши магистранти Абдумалик Халлоқовлар каби чемпион талабалар етишиб чиқди. Бугунги кунда вилоятимиздаги спорт мактаблари ва олийгоҳнинг чемпионликни кўзлаган кўплаб ёшлари ушбу талабаларимиз маҳоратларини устоз-шогирд йўналишида бирга ўзлаштириб бормоқда.
Шуни айтиш жоизки, яккакураш спорт турларидан ташқари жамоавий спорт турларига ҳам Бухоро давлат университети талаба спортчилари ўрнак даражасида шуғулланиб келмоқдалар. БухДУ футбол жамоаси 1-лига ўйинларида, БухДУ баскетбол жамоаси Ўзбекистон кубоги ва Ўзбекистон чемпионатларида фаол қатнашиб келмоқда. БухДУ волейбол жамоасининг муваффақиятлари эса алоҳида эътирофга лойиқ. Мисол тариқасида «Универциада-2022» мусобақасида фахрли 1-ўрин, «У23 Ўзбекистон кубоги»да 3-ўрин, «Беш ташаббус олимпиадаси» 2023 йилги мавсумида йигитларимиз Республика чемпионлари, қизларимиз эса 2-ўрин, «У20 Ўзбекистон кубоги 2023»да фахрли 1-ўрин, «Талабалар лигаси» 2024 мавсум республика босқичида йигитларимиз фахрли 1-ўрин ҳамда қизларимиз 2-ўрин, «Беш ташаббус олимпиадаси» 2024 мавсумда йигитларимиз фахрли 2-ўрин қизларимиз эса Республика чемпиони, «У20 Ўзбекистон кубоги 2024»да фахрли йигитларимиз 1-ўрин қизларимиз эса 2-ўрин ҳамда «Универциада 2025» спорт мусобақаларида йигитларимиз универциада чемпиони қизларимиз эса 3-ўринни олганларини таъкидлаб ўтиш жоиздир.
2024 йилнинг август ойида талабаларимизнинг 6 нафари Марказий Осиё CАВА мусобақасида қатнашиб, Маркази Осиё чемпиони бўлиб қайтишди. Ушбу мусобақада талабаларимиздан Муробиддинов Саиджамол «энг яхши ҳужумчи», Муродов Мирзиёд «энг яхши боғлочи», Ҳайдаров Оғабек «энг яхши ўйинчи» номинацияларига эга бўлишди. Албатта ушбу эришилган ютуқларни негизида устозларнинг меҳнати жуда муҳимдир. Жумладан Бухоро давлат университети ректори Хамидов Обиджон Хафизовичнинг шахсан ўзлари ушбу мусобақаларнинг ҳаммасида, ҳар бир ўйинларда спортчилар олдида мураббийлар билан бирга бўлиб, етакчилик қилишлари алоҳида эътирофга лойиқ. Малакали мураббийларимиздан Бухоро давлат университети доцентлари Фаррух Нарзуллаев Ашрапович ҳамда Мақсуд Махмудов Камоловичлар, ўқитувчилардан Қурбонов Ҳаким Ҳайдарқулович ҳамда Гафурова Мохира Юнусовналар куни-тун спортчи-талабалимиз билан машғулотларда, мусобақаларда ҳамда дарс жараёнларида ўз маҳоратлари билан бўлишиб келмоқдалар.
Талабалар университет спорт мажмуаси ва барча турдаги спорт заллари, спорт анжомларидан доимий равишда фойдаланади ва улар учун ҳамиша жисмоний маданият факультети профессор-ўқитувчилари машғулотлари, кутубхоналар очиқ.
Бу ютуқлар, эришилган ғалабалар негизини холис таҳлил қилган ҳолда айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган спорт соҳасидаги барча ташаббуслар соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда олий таълим муассасалари учун энг муҳим омил бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларимиздаги ўзгаришлар ва соҳадаги катта силжишлар, ўзбек спортидаги муваффақиятлар жорий йилда янада ёрқинроқ юзага чиқа бошлади. Бу эса давлатимиз раҳбарининг ўзи шахсий намуна бўлиб, келажак эгаларига кўрсатаётган ҳаётий ибрати мева бера бошлагани ифодасидир.
Ватанпарвар, шижоатли ёшлар учун бу юртда муносиб рағбат бор экан, албатта бу мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч эгалари етишиб чиқаверади.
Ҳаким Қурбонов,
БДУ спорт фаолияти кафедраси ўқитувчиси, БухДПИ таянч докторанти