Қоровулбозор: 3,5 МВт қувватли қуёш электр станцияси завод ишлаб чиқариш қувватини оширишга хизмат қилмоқда
2025-03-09 09:20:00 / Янгиликлар

Айтиш жоизки, ўтган чорак асрдан зиёд даврдаги фаолияти давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи нафақат вилоятимиз, балки юртимиз саноатининг ҳам муҳим объектларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда дунёда энергия танқислиги кузатилаётган бир вазиятда мамлакатимизда ҳам кўп харажат ва хомашё ресурси эвазига ишлаб чиқариладиган анъанавий энергия ресурслари эвазига муқобил энергияни татбиқ этиш йўлга қўйилмоқда.
Шу билан бирга, вилоятимиздаги барча корхона ва ташкилотлар томонидан ўз энергияси истеъмолини муқобил электр энергиялари манбалари ҳисобидан қоплаш борасидаги ташаббуслар илгари сурилди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ўзига хос мўъжаз қуёш электр станцияси шундай ташаббусларнинг амалий ифодасидир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023 йил 6 июндаги “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг завод ва бошқармалари ҳамда корхоналарида энергия тежамкор қурилмаларни харид қилиш ва ўрнатишни жадаллаштириш тўғрисида”ги буйруғи дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Уч гектар майдонни эгаллаган ва 3,5 мегаватт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу электр станциясининг фаолияти натижасида эндиликда республикамиздаги йирик саноат корхонаси деярли тўлиқлигича қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қувватлантирилишига эришилади. Завод бино-иншоотларини иссиқ сув билан таъминлаш учун қуёш сув иситгичлари ҳам ўрнатилганлиги корхонада нафақат экологик, балки салмоқли иқтисодий самара берадиган энергия тежовчи технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат бермоқда.
Заводнинг муқобил энергия манбаи—қуёш электр станцияси қурилишида пудратчи сифатида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Ogma projects” корхонаси, лойиҳачи сифатида “ARH Grand projects” хусусий корхонаси жамоалари алоҳида жонбозлик кўрсатишган. Мазкур муқобил энергия қуввати заводнинг кўп йил барқарор фаолияти, аҳолининг турмуш фаровонлигига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати