Жондор: Янгиевлар ва Тошевлар оилалари ҳар бирида 12 сотих ерда помидор етиштирилмоқда
2025-03-07 22:35:00 / Янгиликлар

Фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари туман кенгаши маълумотларига биноан, жорий йил эрта баҳоридан туман аҳоли хонадонларининг жами 3 минг 384 гектар томорқа ерида сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётган бўлиб, шундан ҳозирда 500 гектардан ошиқ ерда картошка етиштирилмоқда. Шунингдек, 400 гектарга яқин ерда помидор, бодринг, саримсоқпиёз, 300 гектарга яқин ерда пиёз ва булғор қалампири экиб етиштирилмоқда. Қолаверса, томорқачилар томонидан 800 гектардан ошиқ ерда бошқа турдаги озуқабоп маҳсулотлар агротехник талаблар асосида экилмоқда.
Йил бошидан ўнлаб, балки юзлаб томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларида эртанги картошка, помидор, бодринг, пиёз, сабзи, булғор қалампири, карам, ошқовоқ каби сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётгани аҳоли дастурхонини харидоргир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда. Шунинг баробарида томорқа ва иссиқхона экин ерларида кеч кузда “тўқсонбости” усулида экилган маҳсулотлар ҳам саранжомланмоқда.
Рўзғор баракасининг асоси меҳнатда эканлигини теран тушунган Робия Янгиева ҳамда Муҳаррам Тошевалар ҳам аввало ўз хонадонларидаги имкониятдан унумли фойдаланиб, томорқани яшнатиб, ҳосил етиштириш хадисини олишган. “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан саналган бу намунали хонадон бекалари уй хўжаликларида барпо қилган 12 сотихдан иборат иссиқхона ерининг ҳар қаричини бўш қолдирмасдан, қут-баракага эришмоқдалар.
Айни кунда ҳар икки оила уй хўжалигидаги экин ерида плёнка остида помидор ва бодринг етиштирилмоқда. Бунда Янгиевлар ва Тошевлар оила аъзолари, зарур пайтда қўшимча куч сифатида қўни-қўшнилар ёрдамига ҳам таянилмоқда. Астойдил қилинаётган меҳнат оилаларга даромад келтирмоқда.
Дейлик, миришкорлар атиги бир сотихли экин еридан 300 килограмдан ошириб помидор ҳосили саранжомлашини мулоҳаза қилинса, 12 сотих экин ери қут-баракаси 3,5 тоннани ташкил этади. Бундан кўринадики, етиштирилаётган сара маҳсулот икки оила рўзғорига мўмай даромад киритади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати