Вобкент: шу кунларда 257 та ихчам иссиқхона қурилмоқда
2025-03-01 17:30:00 / Янгиликлар

Таҳлиллардан кўринишича, 2024 йилда 309 минг 405 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган бўлиб, амалда 384 минг 949 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Камбағал оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш мақсадида вилоятда жами 7 минг 585 та оила сараланган бўлиб, уларни моддий қўллаб-қувватлашга доир зарур чора-тадбир қўлланмоқда.
Жумладан, 12,9 минг нафар фуқарога имтиёзли кредит, 2,5 минг нафарига субсидия ажратилган, 17,5 минг нафари доимий ва мавсумий иш ўринларига ишга жойлаштирилган, 4,2 минг нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали бандлиги таъминланган. Худди шундай, 282 нафарининг томорқалардан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш орқали даромад манбаи таъминланган.
Бу саъй-ҳаракат жорий йилда ҳам давом эттирилиб, вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини топиш, янги имкониятларни ишга солиб, доимий иш ўринларини кўпайтириш мақсадида зарур чоралар кўрилаётгани баробарида ихчам иссиқхоналарни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирда Вобкент туманида ҳам турмуш тарзи оғир кечаётган, камбағал ва даромадсиз қолган оилаларга ўзларини тиклаб олишлари учун иссиқхона қуриб бериш, бу борада ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибаси оммалашмоқда. Ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқларда 1 сотихдан иборат ер майдонни эгаллайдиган жами 257 та ихчам иссиқхона қуриш ишларига жадал киришилган.
Аҳоли томорқаси ва ижарага ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун инструментлар, «Сайхунобод» тажрибаси бўйича аҳоли томорқалари маҳсулдорлигини оширишда маҳалла банкирлари ва ёрдамчи-агентларнинг иштироки, томорқаларни сув билан таъминлаш, томчилатиб суғориш тизими орқали экинлар етиштиришни йўлга қўйишнинг афзалликлари, сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришдан томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиш бўйича агротехник тажрибани оммалаштириш талаби қўйилмоқда.
Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган янги тизим “Бир маҳалла—бир маҳсулот” тамойилини жорий этиш, шу орқали томорқадан янада самарали фойдаланиш, аҳоли даромадини оширишга эътибор қаратилмоқда. Туман миқёсида олсак, ҳозирда моддий қийинчиликда қолган оилаларга имтиёзли тартибда қуриб берилаётган ихчам иссиқхоналар туфайли тумандаги иссиқхона майдони яна қарийб 3 гектарга кенгаймоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати