Иқтисодий ўқувлар доирасида вилоят ҳокимлиги котибияти мудирининг ахбороти тингланди
2025-03-01 17:05:00 / Янгиликлар

Шу нуқтаи назардан, бугун вилоят ҳокимлигида иқтисодий ўқувлар доирасида Бухоро вилояти ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича котибияти мудири Амриддин Тойировнинг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Соҳада олиб борилаётган таҳлил ва жадал бошланган қурилиш-бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ, жорий 2025 йилда вилоятимизда инвестиция дастури асосида умумий қиймати 625,7 миллиард сўм маблағ эвазига 72 та иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишларини рўёбга чиқариш мақсад қилинган. Бунда 51 та ижтимоий соҳа иншоотида бинокорлик ишлари янгидан бошланаётган бўлиб, 21 та бино-иншоотдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олдинги йиллардан ўтувчи объектдир.
Мазкур манзилли дастурга “Инфратузилмани ривожлантириш” инжениринг компанияси тасарруфида 28 та, “Ягона буюртмачи хизмати” инжениринг компанияси тасарруфида 5 та, “Иссиқлик таъминоти” акциядорлик жамияти тизимида 2 та, Ўрмон хўжалиги тизимида 2 та, “Бухоросувқурилишинвест” Давлат муассасаси тизимида 15 та, Автомобиль йўллари бошқармаси тармоғида 9 та, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимида 4 та, республика Молия ва иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги “Инфратузилмани ривожлантириш” ИК тасарруфида 3 та бино-иншоот бунёдкорлиги киритилган. Янгидан қуриладиган баъзи иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, экспертиза хулосаларини олиш каби ташкилий жараён билан бирга, ўтган йилдан ўтган объектларда қурилиш, мукаммал таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шунингдек, иқтисодий ўқувда Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш лойиҳаси тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинаётган лойиҳалар туфайли Осиё инфратузилма инвестициялар банки иштирокида 437,6 миллиард сўм маблағ ҳисобига Қоровулбозор, Ромитан, Пешку, Когон, Жондор, Бухоро туманлари, шунингдек, Когон ва Бухоро шаҳарлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан, худди шундай, Қоровулбозор, Олот, Ромитан, Қоракўл ва Ғиждувон туманлари марказида оқава сув тармоғини тўлиқ ишга тушириш мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати