Эрон Ислом Республикаси Разавий Хуросон вилояти ҳокими Ғуломҳусайн Музаффарий бошчилигидаги делегация “Buxoro Agroklaster DZZ” МЧЖ фаолияти билан танишди
2025-03-01 15:10:00 / Янгиликлар

Хусусан, жамият томонидан сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 6 миллион АҚШ долларлик инвестиция йўналтирилиб, 15 йилдан буён ишламай келган, Бухоро шаҳрининг ташландиқ бўлиб қолган собиқ Камаз центр корхонасига тегишли 2,6 гектардан иборат бўлган ҳудудда замонавий ишлаб чиқариш объекти қад ростлади. Мазкур йирик ишлаб чиқариш мажмуасида 2 та янги бино қурилди.
Бу ерда мавжуд ишлаб чиқариш биносида Италия ва Россиянинг озиқ-овқат саноатида етакчи бўлган компанияларида тайёрланган энг замонавий технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланди.
Жамият томонидан ўрнатилган ускуналар кунига 60 тонна сутни қайта ишлаш имкониятига эга бўлиб, «Lattico» бренди асосида фаолият юритиб келмоқда.
Меҳмонлар бу ердаги иш жараёни билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, экин майдонларидаги тупроқларни ўрганиш билан тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган тупроқ таҳлил лабораториясининг фаолиятини ҳам кўздан кечиришди. Ушбу лаборатория ташкил этилганидан кейинги қисқа давр ичида экин далаларидан тегишли намунлар олиниб, уларнинг тахлиллари асосида тупроққа ишлов бериш, уларнинг таркибини яхшилаш, ўғитлаш ва шўрини ювиш бўйича хулоса ва тавсиялар тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган эди ва эндиликда бу таҳлиллар доирасини янада кенгайтириш давр талаби бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадларда лабораториянинг мутахассис тупроқшунослари ”Agro Smart Map” рақамли қишлоқ хўжалиги платформасидан фойдаланиб Бухоро вилоятидаги экин майдонларидаги тупроқларнинг таҳлил қилиш ишлари кўламини кенгайтириш бўйича муайян ишларни олиб бормоқдалар.
Шунга кўра лабораториянинг майдонлари кенгайтирилиб, у ўғитларни қўллаш, алмашлаб экиш, тупроққа ишлов бериш, ўсимликларни суғориш режими ва бошқаларни ўрганиш юзасидан тадқиқотлар ўтказилганда тупроқ ва ўсимликларни агрокимёвий таҳлил қилиш учун зарур бўлган бир қатор қўшимча янги, замонавий хорижий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Меҳмонларга лабораториянинг ишлаш тизими, афзалликлари, шунингдек, «Бухоро Агрокластер»нинг навбатдаги лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати