Шофиркон: "Бухоро зарҳал текс" МЧЖ билан ҳамкорлик "Шоҳрух Азизбек келажаги" фермер хўжалиги имкониятларини оширмоқда
2025-03-01 13:20:00 / Янгиликлар

Бундан ташқари, қўшимча 1 минг тонна саноат хом ашёси сотиб олиш бўйича келишувларга эришилган. Айнан қўшимча шартнома тузган фермерларни кластер ғалла парвариши учун минерал ўғит, ёқилғи маҳсулотлари, замонавий техника хизматлари билан таъминламоқда.
Кластер таркибида бугунги кунда 1 мингдан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Жумладан, Шофиркон туманида жойлашган қайта ишлаш заводи ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 200 нафардан ортиқ ишчи-мутахассис фаолият юритмоқда. Шунингдек, Олот туманидаги ип йигирув ва тўқув фабрикаларида яна 500 нафарга яқин ишчи банд. Ишчиларнинг ўртача ойлик даромади 3,5–4 миллион сўмни ташкил этади.
2025 йилда пахта ҳосилдорлигини ошириш мақсадида замонавий 76 сантиметр оралиқдаги, қўш қатор асосида чигит экиш технологияси жорий этилмоқда. Шунингдек, ҳосилни сифатли ва тез йиғиб олиш учун Хитойдан иккита замонавий пахта териш машинаси харид қилиш чораси кўрилмоқда. Агрокластернинг муҳим мақсадларидан бири 10 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб, натижада 200 та янги иш ўрни яратиш ва йилига 15 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт ҳажмига эришишдир. Бу тизим фермерлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда.
"Buxoro zarhal teks" МЧЖ билан яқин ҳамкорликдаги илғор фермерлардан бири, кўп йилдирки, қишлоқ хўжалигида самарали фаолият кўрсатиб келаётган Розия Тўхтаева бошқарувидаги "Шоҳрух Азизбек келажаги" фермер хўжалигидир. Фермер аёл деҳқон фарзанди сифатида ёшлигидан ерга меҳр билан қараб, астойдил меҳнат қилишни, ўз қўли билан маҳсулот етиштириш тажрибасини ўзлаштирган.
—Кенг далага чиқсам овунаман, баҳри-дилим очилади, ғалла майсалари, оппоқ ястаниб ётган даладаги ғўзалар билан ҳам гаплашаман, буғдой бошоқлари билан дардлашгандай бўламан,—дейди миришкор Розия Тўхтаева.—Жорий йилги пахта ҳосили учун "Buxoro zarhal teks" МЧЖ билан 44 тонна фьючерс ва 40 тонна қўшимча шартнома имзолаб, жами 84 тонна "оқ олтин" етказиб беришни зиммамизга олдик. Ўтган йилларда барча кўзлаган ҳосилни етиштириб, ҳамкорлар билан барқарор ҳамкорликни сақлаб келмоқдамиз. Албатта, бу йил ҳам мақсад қилинган хирмонни барпо қиламиз.
Ҳозирда "Шоҳрух Азизбек келажаги" фермер хўжалигида 20 гектар пахта, 15 гектар ғалла майдони бўлиб, 2024 йилда 80 тоннадан ошириб “оқ олтин” ва 90 тоннага етказиб сара буғдой хирмони кўтарилган. Шунингдек, хўжаликда чорвачилик ривожлантирилмоқда. Шу кунда жайдари “Қизил чўл” зотли қорамоллар билан бирга “smental” наслли қорамоли сони 10 бошга етказилибди. Молхонасида бўрдоқига хўкизлар боқилаётган хўжаликда отлар, қўй-қўзилар ва 200 бош товуқ ҳам парваришланмоқда. Имкониятларини ошираётган биргина фермер хўжалиги туфайли ўндан ортиқ оиланинг моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Розия фермер экин ерига меҳр бериб, ишда замонавий технологияларни ўзлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлайди. Шу сабабли, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиб, 2024 йилда ҳар гектар ҳосилдорлигини 50-55 центнерга етказган. Айтиш жоизки, бу каби ютуқлари билан фермер турдош хўжаликларга ибрат-намуна бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати