Маслаҳатчилар тажриба алмашишди
2025-02-27 18:35:00 / Янгиликлар

2016 йилгача соҳага оид биргина Қонун ва битта қарор мавжуд бўлган бўлса, сўнгги етти йилликда тилимиз ривожига оид йигирмага яқин меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Айниқса, Президент фармони билан ҳар бир ҳудуд ва тизимларда раҳбарнинг давлат тилини ривожлантириш бўйича маслаҳатчилари лавозими жорий этилганлиги ушбу соҳада амалий ишларнинг ҳам жадал суръатларда ривожланишида муҳим омил бўлди.
Бу борада эришилган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Ромитан туманида вилоятдаги шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тегишли масала бўйича маслаҳатчиларининг амалий семинари ўтказилди.
Тумандаги ташкилот ва корхоналар ҳамда марказий кўчаларда кўргазмали тарзда ўтган семинарда Ромитан тумани ҳокими маслаҳатчиси Гуландом Ғиёсова ҳудудда амалга оширилаётган илғор тажрибалар билан таништирди.
Қайд этилишича, ҳудуддаги барча корхона ва ташкилотларда иш юритиш тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш борасидаги комиссия саъй-ҳаракати туфайли 2000 га яқин аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмлари тўлиқ давлат реестрига киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги Қонунларига асосан ташқи ёзувларни қонунчилик талабларига мослаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта бу каби эришилган ижобий натижалар республика миқёсидаги турли танловларда муносиб эътироф этилмоқда.
Хусусан, 2024 йил якуни билан Ромитан тумани «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» Республика танловида 2-ўринни эгаллади.
Шунингдек семинарда Бухоро вилояти ҳокимининг давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов томонидан шаҳар ва туманлар маслаҳатчилари олдида турган долзарб вазифалар, хусусан, ташқи ёзувларни давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мослаштириш, хатлов натижасида аниқланган номсиз кўчаларни номлаш ва бошқа масалалар юзасидан тавсия ва таклифлар берилди.
Семинар сўнггида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан чоп этилган 2 жилдлик «Ўзбекистон жой номлари изоҳли луғати» ҳамда 4 жилдлик «Алишер Навоий энциклопедияси» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати