Когон: Туткунда маҳалласида Ситора Неъматова ҳам қўзиқорин етиштирмоқда
2025-02-27 10:35:00 / Янгиликлар

Қўзиқорин етиштириш мураккаб жараён эмас, қопчаларга солиб жойланган чигит қипиғига экилган уруғ 30-35 кунлик парваришдан сўнг тайёр бўлади ва сотувга чиқарилади. Қўзиқорин терими ҳам бир кунлик иш эмас. Етилган ҳосил пешма-пеш йиғиб олинади. Ҳозирда терим жараёни бормоқда.
—Шу мўъжазгина 300 квадрат метр майдондан йил якунигача 8 тоннадан орттириб қўзиқорин ҳосили олиш ҳаракатига тушганмиз,—дейди ташаббускор «Султонов Шариф» МЧЖ раҳбари Цитора Неъматова.—Бунда ҳар килограм ҳосил килограмини ўртача 30-35 минг сўмдан ҳисобласак, 250 миллион сўмдан ошириб моддий манфаатдорликка эришамиз. Шундан 35 миллион сўм атрофида сарф-харажат қиладиган бўлсак, умумий даромаддан қўлга киритиладиган соф фойдани чамалаш қийин эмас.
Эндиликда 8 йиллик иш тажрибасига эга ишбилармон аёл тайёр қўзиқорин маҳсулотини ҳудуддаги савдо дўконлари, умумий овқатланиш шахобчаларига, қўзиқориндан салат тайёрловчи цехларга етказиб бериб, даромад топмоқда. Асосийси, бу маҳсулотга ҳар доим талаб бор. Қолаверса, замонавий тиббиётда ҳам қўзиқориннинг табиий инсулин ва ферментларга бойлиги аниқланган, шу боис, қандли диабет касаллигида яхши даво воситаси бўлиши ўз исботини топган.
Бугунга келиб "Султонов Шариф" МЧЖ қўзиқорин етиштириш ва бошқа тармоқда 15 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаб, уларга 1-2 миллион сўм атрофида ойлик маош тўлаб келмоқда. Уларга иш вақти кунига 4-6 соатни ташкил этади. Шу билан бирга, ҳозирга қадар қўзиқоринчиликка иштиёқманд 100 га яқин шогирди орасидан ҳам айни кунда соҳада яхшигина тажриба орттириб, ўз фаолиятини бошлаганлари бор.
Эслатиб ўтиш жоизки, билар-билмас териб олган қўзиқоринларни овқатга ишлатишдан эҳтиёт бўлиши керак. Қўзиқоринларнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Мисол учун, бу маҳсулот иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Улардаги летсетин моддаси томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади. «Вешенка» ва «Шампиньон» навига мансуб қўзиқоринни олдин сувда қайнатиб, сўнг бемалол турли таомлар тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати