Вобкент: ғалла майсаси парваришида «Бойқозон», «Нурхон Бобохон», «Отабек Оғажон» фермер хўжаликлари ҳам фаол
2025-02-26 17:35:00 / Янгиликлар

Сара буғдойни давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиб, ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилгани фермерлар учун катта имконият бўлди. Бу энг аввало, фермер хўжаликлари, қолаверса, хўжалик аъзоларининг манфаатдорлигини, эришиладиган даромадни оширишда жуда қўл келмоқда. Айни қишки мавсумда ғалла майсалари парваришида аввало, ҳар бир агротехник тадбирни сифатли олиб бориш, далани яхоб сувига қондириш, ҳар бир контур бошида қазиб тайёрланган хандақларга маҳаллий ўғит жамғарган ҳолда «шарбат»лаб суғориш, бегона ўтлардан самарали тозалаб, гербисидлардан унумли фойдаланиш каби агротехник ишлар давом эттирилмоқда.
Туманда ғаллани биринчи озиқлантириш, маҳаллий ўғитни жамғариш ишлари жадал олиб борилиб, февраль ойининг биринчи декадасига кўра, 20 минг 320 тонна маҳаллий ўғит ғалла майдонларига чиқарилган. Эндиликда ғалла етиштирилаётган контурлар «шарбат» усулида озиқлантирилиб, ҳар бир ерда иккинчи озиқлантириш учун захира яратилмоқда. «Шарбат»лаб суғориш ғалла майдонида тупроқни етишмаётган баъзи микроэлементлар билан таъминлаш, қисман азот, фосфор, калий каби дармондорига тўйинтириш имконини бермоқда.
Агрономлар тажрибасидан маълумки, ғалла майсасини баргидан озиқлантириш аввало ўсимликни фотосинтез жараённини жадаллаштиради, барг сатҳини қалинлашиши ҳисобига касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширади. Шу билан бирга, суспензиялаш тадбирини вақтида, яъни майсалар тўлиқ найчалаш босқичига кирганда ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ғаллани баргидан озиқлантириш ҳосилдорликни 5 центнерга оширади ва дон сифатини яхшилайди.
Шу нуқтаи назардан, ҳозирда туманда ялпи ғаллазор майдонида биринчи озиқлантириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Маҳаллий ўғит жамғариш, суғориш, ва «шарбат» усулида озиқлантириш ишлари «Бойқозон», «Нурхон Бобохон», «Отабек Оғажон» ва бошқа илғор фермер хўжаликларида намунали ташкил қилинганини кўриш мумкин. Бу каби агротехник тадбирларни кечиктирмасдан, омилкорлик билан ўтказишда «Ўзагроинспекция»нинг туман бўлими маъсул ходимлари кундалик назорат ва ўрганишларини олиб бормоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати