Когон: Ниёзҳожида икки сотихли иссиқхона Қўчқоровлар хонадони даромад манбаига айланган
2025-02-26 14:35:00 / Янгиликлар

Когон туманининг “Ниёзҳожи” МФЙ да яшовчи маҳалла оқсоқолларидан бири Бахшилло Қўчқоров хонадони ҳам ана шундай меҳнаткаш, бор имкониятдан унумли фойдаланаётган оилалар сирасидан. Айни кунда Бахшилло ота хонадонидаги 2 сотихли ихчам иссиқхонадан йилнинг тўрт фаслида пешма-пеш ҳосил етиштирилаётгани фикримиз далили.
—Яқинда 400 килограм атрофидаги картошкани ковлаб олиб, ҳосилдан бўшаган ерга кўкат ва редиска экдик,—дейди Қўчқоровлар хонадони соҳиби.—Меҳнатимизга яраша картошкадан 2 миллион сўмдан зиёд даромад қилган бўлсак, насиб қилса, резаворлардан ҳам шунча фойдани кўзлаб турибмиз.
Бахшилло ота фарзандларига ҳам экин ери сир-синоати, даромад манбаи эканини ёшлигидан уқтиргани шундоққина кўзга ташланади. Масалан, у кишининг тўнғич ўғли иссиқхонада томчилатиб суғориш технологияси асосида “сон хян” навига мансуб қулупнай ҳосилидан етиштириб, яхшигина даромадга эришмоқда. Айтиш жоизки, айни кунда атиги 2 сотихдан иборат иссиқхона бир оиланинг моддий эҳтиёжларини бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Умуман, кейинги ойларда Когон туманида аҳоли томорқачилари сони 21 мингтага яқин бўлиб, улар тасарруфидаги мавжуд томорқа ери 2 минг 128 гектарга етказилган. Шу кунларда қиш қаҳратонида ҳам уларда меҳнаткашлар қўли билан плёнка остидаги ҳароратни мўътадил сақлаб, сархил ноз-неъмат, табиат саховати бўлмиш сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ҳудудда бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда.
Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–5 сотихдан иборат бўлиб, йил бўйи асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, булғор қалампири, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этиб келинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати