Семинар иштирокчилари Ромитандаги кўчатчилик хўжалиги иш тажрибаси билан танишишди
2025-02-25 21:20:00 / Янгиликлар

Маҳаллий тадбиркорлардан Азим Рустамов ташаббуси билан рўёбга чиқарилган бизнес лойиҳа, яъни бу иссиқхона икки қисмдан иборат бўлиб, айни пайтда унинг 2,8 гектардан иборат қисмида сабзавот-полиз маҳсулотлари кўчатчилиги йўлга қўйилган. Иккинчи қисми—2,2 гектар майдонда эса мавсумига қараб помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлар етиштириб келинади.
Кўргазмали ўқув-амалий семинари қатнашчилари «Муҳаммад Зоҳид Азим Бухоро» иссиқхона хўжалигида бўлишиб, жамоа иш услуби, эришилаётган натижалар билан яқиндан танишдилар.
—Ўтган йилги мавсумда биргина помидорнинг «Аламина» ва бошқа навларидан ҳар гектари ҳисобида 50 тонна, умумий 130 тоннадан ошириб сархил ҳосил олинган бўлса, бу маҳсулот маҳаллий бозор билан бирга қўшни Тожикистон ва Туркманистон республикалари бозорларига ҳам чиқарилган,—дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги туман бўлими лойиҳа-офис раҳбари Соҳиб Ҳожиев.—Шу билан бирга, хўжаликнинг асосий даромади кўчатчиликдан. Хусусан, бунда помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон, қовун, тарвуз, ҳатто ошқовоқ каби ўндан ортиқ сабзавот-полиз маҳсулоти уруғларини ҳар йили ёз ойларидан экиб ундириш бошланади.
Иссиқхонада томчилатиб-ёмғирлатиб суғориш тармоғи жорий қилинган бўлиб, 12 нафар доимий ишчи бандлиги таъминланган. Ҳар бир ишчи кучининг кунлик даромади эса 100 минг сўм атрофида. Кўчат сотишнинг қизғин мавсуми, эрта баҳор олдидан катта «партия»да тайёрлаб чиқариладиган кўчатлар эндиликда қўшни республикаларга экспорт қилинаётгани ҳам хўжалик ютуғи, албатта. Бунда маҳаллий харидорларга ҳар бир кўчат 1500-2500 сўм атрофида баҳоланаётган бўлса, ташқи бозорга бироз устама нархда етказилмоқда. Муҳими, иссиқхона жамоасининг машаққатли меҳнати эвазига бир мавсумда 3 миллиард сўмдан ошириб моддий манфаатдорликка эришилмоқда.
Сўнгги тажрибалардан бири иссиқхонада ўстирилаётган помидор кўчатларини пайвандлаш тажрибаси ўзлаштирилганидир. Бунда ёввойи ва маданий ниҳол кўчати бирикиши натижасида турли зараркунанда ҳашарот ва касалликларга қарши «иммунитет» ҳосил қилиш орқали кўзланган ҳосилни олишга эришилмоқда. Албатта, бу деҳқон миришкорлар ва улар хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш йўлида кўпдан кутилган янгиликдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати