Когон: томорқа ҳосили ва қўзиқорин парвариши Тешаевлар хонадонига барака киритмоқда
2025-02-22 14:05:00 / Янгиликлар

Шундай тиниб-тинчимас деҳқон миришкорлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Нуриддин Тешаевдир. Айни кунда бу хонадон ҳовлисидаги 10 сотихдан иборат экин ери иссиқхонага айлантирилган бўлиб, кейитнги йилларда унда пешма-пеш сабзавот маҳсулотлари, резаворлар экиб етиштириб келинмоқда.
— Ҳалол-пок ишлаганни ер қуруқ қўймас экан,—дейди томорқа эгаси Нуриддин Тешаев.—Шу экин ер майдонидан ўтган 2024 йилги деҳқончилик мавсумида 3,5 тоннага етказиб картошка маҳсулотини етиштирган бўлсак, бундан дик. Биргина картошкани ўзидан қарийб 30 миллион сўм даромад олдик. Ҳосилдан бўшатилган ерда бақлажон экиб, ҳадемай бу ҳосилниям саранжомлаб, 10 миллион сўм атрофида даромадга эришиш ҳаракатидамиз. Муҳими, оиламиз билан томорқа меҳнатига ўрганганмиз.
Тиниб-тинчимаган Нуриддин Тешаев иссиқхонасидаги деҳқончилиги билан чекланиб қолмаган. У ўз хонадонида даромадбоп қўзиқорин етиштиришга қизиқиб, буни амалда синаб кўрмоқда. Бунинг учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида 29 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, "Ҳар бир оила—тадбиркор" дастури дорасида иш бошлади. Қўзиқориннинг серҳосил «Вишенка» навидан етиштиришга жиддий киришган. Унинг айтишича, бу йўналишда ҳосил 40 кунда тайёр бўлади, меҳнати оғир эмас шунингдек харидорбоп.
Чигит қипиғи тўлдирилган қопчаларга экилган қўзиқорин уруғини агротехник тартибида ундириб, парваришланса, бир ойда 300 килограмгача ҳосил олиниши тажрибада синовдан ўтган. Меҳнаткаш оила шу кунларда қўзиқориннинг бозордаги нархи 35-40 минг сўм атрофида эканини чамалаб, ҳадемай, бундан 10 миллион сўмдан ошиқ даромад олиш илинжида.
Шу ўринда айтиш жоизки, темирйўлчилар туманида бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда. Уй хўжалигини обод қилиб, экин еридан катта даромад олаётган когонлик илғор томорқа эгаларидан Сорғун маҳалласида истиқомат қилаётган Шуҳрат Тўраев, Ўба-Чўли маҳалласида яшовчи Носир Ҳайдаров, Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Баҳром Ёдгоров, Сараён маҳалласида яшовчи Саид Нарзиев, Туткунда маҳалласида истиқомат қилаётган Ахтам Фозиловларни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса “йўқни йўндириб”, пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонлари миришкорлари булар. Мазкур хўжаликларда жорий йил қиш ойларидан плёнка остида картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Улар орасида лимон, апелсин, мандарин каби цитрус мева етиштиришда пухта тажрибага эгалари бор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати