Вобкент: банк имтиёзли сармоясига олинган 12 бош қўй бугун 50 бошга етказилди...
2025-02-22 12:15:00 / Янгиликлар

"Етти хазина"нинг бири ҳисоблангани чорвачиликни олсак, косариликлар орасида мол боқиб, рўзғор кам-кўстини қоплаётган, шу меҳнати ортидан орзу-ҳавасини кўраётган оилалар ҳам кам эмас. Ўткир Ғаффоров ҳам сўнгги йилларда оиласи билан бор куч ва имкониятини қўй боқишга сафарбар этиб, кам бўлмаяпти. Уй хўжалигида парваришланаётган наслдор ҳисори қўй зоти айни кунда 50 бошга етказилибди.
Хонадон аҳлининг айнан «қозоқи» ҳисори қўйига қизиқиб қолишгани сабаби бор, албатта. Бу зотдор қўй маҳсулдорлик кўрсаткичлари юқорилиги билан ажралиб туради. Жумладан, 6-7 ойда қўзиларининг вазни 30 килограмгача, бир ёшда 40, катта қўчқорлари эса 50-60 килограмгача «тош» босади. Боқилган катта совлиқ қўйнинг тирик вазни 100 килограмга, бўрдоқига боқилса, қўчқори 150 килограм ва ҳатто, ундан ошиқроқ вазнга эга бўладиган бу «қозоқи» қўйларини боқиш айни кунда бошқа маҳаллаларда ҳам оммалашмоқда.
Ўткир Ғаффоров кўп йил жайдари қўй боққан миришкор сифатида бугун «сон эмас, сифат» тарафдорига айланган. "Қозоқи" қўйлари ҳозирда бу қўй зотидан келиб чиқиб, бўрдоқичиликда бир бош қўйнинг соф оғирлигини 80 килограмдан оширишни мақсад қилган.
—Авваллари ҳам қўйларимиз бўлган, аммо сони ва сифати жиҳатидан бу қўйлардан фарқ қилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси асосида имтиёзли равишда олган 23 миллион сўм кредит маблағи бизга жуда қўл келди,—дейди Ўткир Ғаффоров.— Бошида 12 бош қўй олганмиз, ҳозирда бу қўйларимиз ўзидан кўпайиб, 50 бошга етди. Умумий ҳисобда 2 йилда даромадимиз 200 миллион сўмдан ортмоқда. Аслида, қўй боқишнинг машаққатли томони йўқ. Касалликларга бардошли. Йил бошида туғилган қўзилар бир йил деганда болалайди, она қўйлар эса ҳар 6 ойда кўпаяди. Ҳозирда 50 бошдан ортиқ совлиқ қўйимиздан 15 боши қўзилади. "Қозоқи" қўйлари орасида зотдорлари ҳатто 3 тагача қўзилашини тажрибамизда кўрдик. Бу эса 1 бош қўйдан ўртача ҳисобда 5 миллион сўм даромад кўриш мумкин дегани.
Шунингдек, Ғаффоровлар уй хўжалигида "гольштейн" зотдор қорамолу сигирлари ҳам боқиб парваришланмоқда. Муҳими, хонадон дастурхонидан сут, қатиқ, сариёғ аримайди. Бу ишни ривожлантириш учун хўжалик техникаларига, чорва озуқаси учун экин ерига ҳам эга, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати