Туркия билан қурилиш ва муҳандислик соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2025-02-21 20:25:00 / Янгиликлар

Делегация дастлаб Бухоронинг диққатга сазоваор жойлари билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, “Туркий дунё муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи” аъзолари ҳудудда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларини кўздан кечиришди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирокида ташкил этилган учрашувда Туркиянинг салоҳиятли компаниялари ва тегишли давлат ташкилотлари ўртасида шаҳарсозлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари меҳмонларга Бухоронинг қадим тарихи, ҳозирда амалга оширилаётган ишлар, истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Туркиянинг қурилиш соҳасидаги салоҳиятини юқори баҳолаб, бу борада яқин ҳамкорлик қилишдан мамнунлигини қайд этди.
Ўз навбатида “Туркий дунё муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи” вакиллари самимий қабул учун ўз миннатдорликларини билдириб, Бухородан олган илиқ таассуротлари билан ўртоқлашишди.
Мулоқотда Бухорода келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган йирик бунёдкорлик лойиҳалари тақдимот қилинди. Турк ишбилармонлари тақдим этилган лойиҳаларни юқори баҳолаган ҳолда уларни муваффақиятли амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Ҳар бир лойиҳа бўйича ҳамкорликда иш ташкил этишга келишиб олинди.
Маълумот учун: “Туркий дунё муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи” 2022 йилда Анқарада нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида таъсис этилган. Унинг асосий мақсади –“Тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори асосида туркий дунёдаги тарихий меросни қайта тиклашга ресурслар жалб қилиш. Иттифоқнинг асосий ҳамкорлари туркий давлатлар ташкилотлари ҳисобланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати