Бухорода шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди
2025-02-21 15:35:00 / Янгиликлар

Ўн кун давом этадиган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари таркибидаги 500 нафарга яқин ёш шахматчилар Ўзбекистон чемпионлиги учун дона суради.
Мусобақалар "Универсал спорт мажмуаси"да бўлиб ўтмоқда. Бугун ушбу чемпионатнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Бухоро вилоят ҳокими, Ўзбекистон шахмат федерацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлими раиси Ботир Зарипов, спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, республика шахмат федерациясининг вице-президенти, Халқаро шахмат академияси директори Комилжон Синдаровлар сўз олиб, мусобақа иштирокчиларини қизғин табриклаб, иштирокчиларга омад тиладилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан шуғулланадиган аҳоли сафини янада кенгайтириш учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, спорт турлари, хусусан, шахматга берилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин амалий натижасини Ўзбекистон шахмат усталарининг халқаро майдонда қайд этаётган муваффақиятларидан ҳам кўрса бўлади.
14-18-ёшли йигит ва қизлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати шахмат мусобақаси ва шу каби ташкил этилаётган кўплаб мусобақаларнинг замирида ҳам бир маъно бор, яъни бу ишонч.
Бугун бу ерда нафақат совриндор бўлган, ғалаба қозонган, балки мусобақада қатнашган—дона сурган ҳар бир ёш шахматчиларимизнинг келгусида Рустам Қосимжонов, Нодир Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов каби дунё тан олган спортчилар бўлиб етишишларига бўлган ишончдир.
Тадбир давомида ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини янада ошириш, хусусан, «Беш ташаббус олимпиада»си мусобақаларини ташкил этишдаги алоҳида жонбозлиги учун Шофиркон ва Жондор туманлари ҳокимлари «Жисмоний тарбия ва споот аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланишди. Шундан сўнг мусобақаларга расман старт берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати