Ромитан: “Melnik gold” МЧЖ мебель маҳсулотларини кўпайтириб, хориж бозорини кўзламоқда
2025-02-13 17:25:00 / Янгиликлар

Биргина “Алишер Навоий” МФЙда сўнгги икки йилда инвестиция дастури доирасида “Pomegranat building”, "Romitan аvtoban тrans", “Boboyeva Zarifa Fayzullayevna”, “BLOK BAND”, “Miron Mirfayz Xumoyun” каби хусусий корхоналар фаолияти йўлга қўйилгани қувонарли, албатта. Негаки, уларда айни пайтда қурилиш, енгил саноат, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўнлаб оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлиги таъминланмоқда. Эътиборлиси, эндиликда ишлаб чиқариш масканлари ички бозор билан бирга ўз маҳсулотини хорижга экспортга йўналтириш ҳаракатига тушган.
Очиғи, аввал тадбиркорлик қилишга чўчиб, бу соҳага яқин бормаган одамлар бугун бизнеснинг бир неча тармоғида дадил иш юритиб, нафақат ўзи ва оиласи, балки шу ҳудуддаги ўнлаб оила аъзосини иш билан таъминлаб, моддий манфаатдор этишмоқда. “Мельник гольд” мебель ишлаб чиқариш корхонаси ана шундай тадбиркорлик субъектларидан биридир.
Ташаббускор сифатида 2017 йилда 10 нафар ишчи шогирди билан фаолиятини бошлаган Илҳом Бақоев бошчилигидаги мазкур корхонада ҳозирги кунга келиб, 4 та кичик цехда бир неча турдаги мебеллар ишлаб чиқарилиб, буюртмачи мижозларга етказилмоқда.
“Melnik gold” масъулияти чекланган жамиятининг мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси умумий қиймати 8 миллиард сўмни ташкил қилиб, туманнинг айнан “Алишер Навоий” кичик саноат зонасидан ажратилган ер майдонида амалга оширилган. Бу лойиҳа рўёби учун ташаббускор тадбиркорга “Hamkorbank” Бухоро филиали томонидан 3 миллиард 500 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган.
Мебелчиликка оид бу лойиҳа янги ва шу йил бошида ўз фаолиятини бошлаб, қисқа муддатда 50 нафардан ортиқ ишчи-мутахассисни ўз бағрига олди. Корхонанинг айни кундаги маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоизни ташкил қилиб, сўнгги замонавий ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган.
Илҳом Бақоев шу йилдан юртимизда бошланган хайрли ва кенг миқёсдаги ишлардан бири “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” лойиҳасида иштирок этиб, ҳудудидаги яна 58 нафар ишсиз аҳоли вакилини ўз йўналиши бўйича ўқитиб, мутахассис сифатида тайёрлашга ҳамда бандлигини таъминлашга астойдил киришган.
Қолаверса, ҳозирда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган турли дизайн ва ассортиментдаги мебел маҳсулотини қўшни республикалар бозорларига экспортга чиқариш бўйича амалий музокаралар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати