Вобкент: чангаронлик Ҳайитовлар ҳам томорқасидаги иссиқхонани кенгайтириб, даромадни кўпайтирмоқда
2025-02-13 16:45:00 / Янгиликлар

Аслида, томорқа ҳар бир хонадон хазинаси, чунки, унда ёз фаслида очиқ майдонда, қишда эса ихчам иссиқхона шароитида турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб, рўзғор тўкинлигини бемалол таъминлаш имконияти бор.
"Чангарон" МФЙ нинг Чангарон қишлоғида яшовчи Жўрабек Ҳайитовнинг деҳқончиликдаги иш тажрибаси юқоридаги фикримиз далили. Миришкор деҳқон йигит аввал бошида биргина мўъжаз иссиқхонада мўл ҳосил етиштириш хадисини пухта ўзлаштирган бўлса, кейинчалик бу иссиқхонани иккита қилиб, кенгайтириб, сабзавот маҳсулотлари, шу билан бирга, цитрус менва етиштиришнинг уддасидан чиқмоқда. Иш кўзини билган деҳқон айни қиш мавсумида иссиқхоналари 6 сотих қисмида 2 минг туп қизил булғор қалампирининг "ферари" навини экиб, мўл ва сифатли ҳосил кўтармоқда. Ранги қизил, турли салатлар, тузламаларга қўлланиладиган харидорбоп булғор қалампирининг бир килограмини уйдан 40 минг сўмдан сотишга эришаётган хонадон аҳли яхшигина даромадга ҳам эга бўлмоқда. Уларнинг мўлжали ҳадемай 1 тоннадан ошиқ маҳсулотни аҳоли дастурхонига етказиб, шундан 25 миллион сўмга етказиб моддий манфаат кўришдир.
—Дастлаб томорқадан кўзланган ҳосилни олиш мақсадида “Калифорния чувалчанги” орқали биогумусни ҳосил қилиб, экин майдонига киритганмиз,— дейди Жўрабек Ҳайитов.—Маҳсулотимиз ҳам шунга яраша мўл бўлди. Бундан аввало рўзғоримиз эҳтиёжини қоплаб, кейин бозорга олиб чиқиб сотиб, қилган сарф-харажатимизни бемалол бартараф этамиз.
Томорқа эгаси иккинчи иссиқхонасида картошка етиштирмоқда. Бу борада ҳам унинг ҳаракатлари самарадор. Шу билан бирга, Жўрабек Ҳайитов томорқасида плёнка остида турли хилдаги кўкатларни ҳам экиб саранжомлаб, қишки мавсумда қўшимча фойда кўрмоқда. Қолаверса, томорқа эгалари лимон, апельсин етиштиришда ҳам етарли тажрибага эга. Иссиқхонасида 30 туп лимон бутаси парваришланмоқда. Бир сўз билан айтганда, вобкентлик Ҳайитовлар хонадонида томорқа хўжалиги ривожлантирилаётгани оилага файзу-барака олиб кирмоқда.
Умуман, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ҳозирда тумандаги 22 та маҳаллада бораётган томорқа фаолиятини ихтисослаштириш, жумладан, сабзавотчилик йўналишида 12 та, картошкачиликда 2 та, полизчиликда 4 та, мева-боғдорчилик, резавор ҳамда сархил мева етиштиришда, парранда ва чорвачилик тармоғида жами йигирмадан ортиқ, қолаверса, анор ва анжирчиликни ривожлантиришда алоҳида хўжаликлар шакллантирилаётгани ҳам аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида банд бўлган иссиқхоначи хонадонлар моддий манфаатдорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати