Вобкент: Зулайҳо Ҳамроева оиласи эҳтиёжидан ортган электр энергиясини давлатда сотиш эвазига 1 ойга 2 миллион сўм атрофида даромадга ҳам эга бўлмоқда
2025-02-13 12:40:00 / Янгиликлар

Бу борада Вобкент туманида ҳам манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина ўтган йил давомида тумандаги ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида қуввати 0,8 МВт қувватга тенг бўлган юздан ошиқ объектга кичик қувватли қуёш панеллари ҳамда 3,8 минг литр ҳажмли гелиоколлекторни ўрнатиш ишлари бажарилгани ўнлаб меҳнат жамоаларига катта қулайлик бўлди. Ўтган ойларда туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва бошқа ижтимоий тармоқ иншоотлари бинолари томига ҳам қуёш панеллари ўрнатилди. Аҳамиятли жиҳати, бу саъй-ҳаракат 100 фоиз электр энергиясини тежаш имконини беради.
Юқоридаги қарорга асосан кейинги йилларда ҳудуддаги юзга яқин тадбиркорлик субъектига 1,3 МВт қувватли қуёш панели ўрнатилиб, маҳаллий тадбиркорлар ҳисобидан 1 та 4 МВт қувватли кичик ФЭС, яъни фотоэлектр станциясини қуриш мақсад қилинган. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, тадбиркорлик субъектларига 0,079 МВт кичик қувватли қуёш панели ўрнатилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли хонадонларида ҳам муқобил энергия манбаи сифатида қуёш панелларини ўрнатиш, фойдаланиш кенг оммалашмоқда. Масалан, "Ширин" МФЙда яшовчи Зулайҳо Ҳамроева ҳам хонадонига шундай, умумий қуввати 10 кВт соатни ташкил этувчи 10 та қуёш панелини ўрнаттирди.
Қуёш панелларининг ўзига хос хусусияти шуки, икки томонлама қувватланувчи монокристал панелдан иборат бўлиб, тўғридан-тўғри қуёш нури тушмаган ҳолатда ва булутли кунда ҳам ёруғликни ўзида қайта ишлай олади. Шунингдек, муқобил энергия манбаи воситасида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ҳар киловатини 1000 сўмдан сотиш ҳам мумкин. Ҳозирда Зулайҳо Ҳамроева оиласи эҳтиёжидан ортган электр энергиясини давлатда сотиш эвазига 1 ойга 2 миллион сўм атрофида даромадга ҳам эга бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати