Вобкент: ширинлик миришкор даромадидан “Нехiа-3” автомобили харид қилди
2025-02-10 12:20:00 / Янгиликлар

Томорқачилик ва иссиқхона хўжаликлари ривожлантирилаётган Вобкент туманида ҳам 2024 йил якунига биноан барча турдош корхона ва аҳоли хўжаликларида парваришланаётган парранда сони 350 минг бошдан оширилган. Худди шундай, ҳудудда парҳезбоп парранда гўшти ва тухум етиштириш салмоғи ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли равишда кўпайгани аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминламоқда.
Масалан, "Ширин" МФЙ да истиқомат қилаётган тадбиркор "Рўзиев Насулло" оилавий корхонаси 3 йил бурун 30 миллион сўм кредит маблағи асосида Венгрия республикасидан “Росс-308” зотига мансуб 1 минг бош паррандани харид қилиб келтириб, парваришини бошлашган. Бу борада уч йилдирки, тармоқда муваффақиятли фаолият юритаётган "Рўзиев Насулло" оилавий корхонаси ташаббускор бўлиб, айнан паррандачилик тармоғини ривожлантиришга доир қатор истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқармоқда.
“Росс-308” зотли товуқларига келсак, гўшт йўналишида боқиладиган бу паррандада маҳсулдорлиги нисбатан юқорилиги билан ажралиб туради. Товуқларни кўпайтириб, халқимизни парранда гўштига ва тухумга бўлган эҳтиёжини қондиришдан ташқари, бозорга чиқариб яхшигина даромад олмоқда. Бугунга келиб бу оилавий корхонада товуқ сони 3500 бошга етказилгани қувонарли, албатта.
Парранда парваришини аввало ҳавасдан бошлаб, кейин тирикчилик воситаси, бугунга келиб эса даромад манбаига айлантирган Насулло Рўзиев ҳозирда 3 минг 500 бош товуқни оғилхонасига махсус парранда қафасларига жойлаштирган. Тухумга кирган товуқлардан ҳар куни 2 минг донадан ошириб тухум олиб, донасини 1000 сўм атрофида сотиб, хонадонига даромад олиб кирмоқда. Шунингдек, миришкор хонадон соҳиби 8 кишини иш билан таъминлаган. Умумий олиб борилаётган парранда парваришидан бир оила ойига 50 миллион сўм даромадга эришмоқда.
— Ўзимча астойдил қизиқиб, зооветеринарлардан сўраб-суриштириб билдимки, парранда учун баҳор ва ёз фасллари ғоят қулай иқлим шароити ҳисобланаркан, — дейди Насулло Рўзиев.—Бу даврда товуқ тез етилади ва тухумга киради. Биз боқаётган зотдор парранда ҳам белгиланган ёшига етиб тухум беришни бошлади. Парваришига қараб омухта еми, кундалик озуқаси, эмланишлардан қолмаса, товуқларимиз тўлиқ тухум бераверади. Дастлабки босқичда кунига 1 минг донадан ошириб тухум олишга эришган бўлсак, бу кунига 1 миллион сўмдан ошиқ даромад дегани. Энди бир ойлик даромадни ўзингиз чамалайверинг. Аммо бунинг учун паррандага диққатли бўлиш, омухта еми, озиқ-овқат рациони билан бирга дори-дармони, вакциналарини ўз вақтида бериш лозим. Мана, яқинда шу ишимиз даромадидан "Нехiа 3" автомобилини сотиб олдик.
Албатта, шарт-шароит ва имконият бор жойда моддий манфаатдорлик бўлади. Бунинг учун эса ҳар қандай иш бошланишида учрайдиган қийинчиликдан чўчимасдан, меҳнатни бўйинга олиш, меҳнатдан қочмаслик, аниқ мақсад йўлида тер тўкиш тақозо этилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати