Шофиркон: камхарж томорқачи оилаларга 50 минг туп мевали дарахт кўчати тарқатилди
2025-02-07 18:20:00 / Янгиликлар

Хусусан, ҳудудларда боғ-роғ яратиш, токзорлар, “яшил белбоғ”лар барпо этиш, кўкаламзорлаштириш ишларини жонлантириш бўйича берилган тавсия ва топшириқлар ижроси изчил назоратга олинган. Шофиркон туманида ҳам эндиликда бу тизим янги босқичга кўтарилди.
Баъзи статистик рақамларга назар солсак, ҳудудда кам таъминланган 821 та оилага 16 минг 420 туп, 2 минг 273 нафар болаликдан ногиронлиги бўлган оилалар учун 27 минг 276 туп, боқувчисини йўқотган 510 та оилага 3 минг 570 туп, 92 та якка-ёлғиз оила учун 920 та ҳамда маҳалла ҳудудини кўкаламзорлаштириш мақсадида 1 минг 814 туп, умумий ҳисобдан 50 минг туп мевали дарахт кўчати тарқатилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига муносиб ҳисса қўшиш ҳаракатига киришилган.
Водийдан келтирилган серҳосил ва сара навли гилос, ўрик, беҳи, олма, шафтоли ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатларини маҳаллаларга тарқатиб, муайян тоифадаги оила хонадонларига етказиб бериш, бу ниҳолларни талаб даражасида ўтқазилишини кўздан кечириш, интенсив парваришини ташкил этиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов туман ҳокими Алишер Файзиллоев билан биргаликда маҳаллаларда бўлишиб, бошланган ишлар билан яқиндан танишдилар. Маҳалла раислари билан мулоқотда “еттилик” масъулларга ниҳол ўтқазиш ва униб ўсишига шарт-шароит яратиш каби муҳим агротехник чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Жумладан, Чуқурак маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Рўзиева оиласи ҳам кам таъминланган хўжаликлар қаторига киради. Унинг турмуш ўртоғи Холмат Ҳасанов иккинчи гуруҳ ногирони. Оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун маҳалла мадади билан 15 бош товуқ олиб берилгани, бу ташаббус орқали уларнинг бандлиги таъминланаётгани баробарида 25 туп мевали дарахт кўчати етказиб берилгани бир оила учун айни муддао бўлди.
Муҳими, бу ташаббус оддий ёрдам эмас, балки оилани иқтисодий “соғломлаштириш” йўлида қўйилган хайрли қадамдир. Бу каби оилаларда яшовчиларга умид, ишонч ва эртанги кун учун имконият тақдим этилаётганидир. Бу лойиҳалар орқали нафақат Чуқурак, барча маҳаллада ўнлаб қийин шароитдаги оилалар турмуш шароитини яхшилаш, улардаги юртдошларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришига яқиндан ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати