Когон: “Ниёзҳожи” маҳалласида яна бир ташаббускор қандолат цехини очди
2025-02-05 20:15:00 / Янгиликлар
Маҳалла маъмурияти, бевосита масъул «еттилик» саъй-ҳаракати билан ўтган йилда ниёзҳожиликларнинг 320 нафари доимий иш билан таъминланган. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти кам таъминланган, мададга муҳтож оилалар вакиллари.
—Ҳар жабҳада ташаббускор, ўйлаб юрган ишини ривожлантириш илинжида бўлган маҳалладошларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йилда бизга умумий қиймати 2,5 миллиард сўм миқдоридаги, уч йил муддатга 33 миллион сўмгача бўлган банк имтиёзли кредит сармояси ажратилганди,—дейди туман ҳокимининг «Ниёзҳожи» МФЙ даги ёрдамчиси Бахтишод Ҳусенов.—Биргина «Ҳар бир оила—тадбиркор» давлат дастури доирасида маҳалламизга 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Бу маблағ 54 нафар ташаббускорга расмийлаштириб берилгани натижасида турли жабҳада кичик цех кўринишида лойиҳалар ишга туширилиб, асосийси, 70 нафардан ошиқ фуқарога даромад манбаи яратилгани қувонарли, албатта.
Жумладан, ниёзҳожилик Нигора Мусаева яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланаётганлардан. Тирикчилик важидан ўз хонадонида турли ширинликлар, қандолат маҳсулотлари, торт пишириб юрган аёлга тавсиянома асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит сармояси ажратилгани унинг алоҳида қандолат цехини очишига туртки бўлди.
Ҳозирда маҳаллада «Миллий ширинликлар» ёрлиғи остида фаолият бошлаган цех Нигора Мусаеваники бўлиб, бунда ўнга яқин хотин-қиз 15 турдаги қандолат маҳсулотлари, тортларни пишириб тайёрлаб, буюртмачи мижозларига етказиш билан банд. Айтиш жоизки, ширинликлар тайёрлаш билан даромад топаётган хотин-қизларнинг аксари шу кунгача маҳалланинг "Аёллар дафтари"дан ўрин олганлардир.
Умуман, маҳалла маъмурияти яқин кўмагида имтиёзли сармояни муддатли кредит маблағи сифатида расмийлаштириб олганлардан Анора Йўлдошева, Барчиной Насриддиновалар тикувчиликда, Сония Йўлдошева ҳамда Иноят Атауллаевлар чорвачиликда, Жамшид Тойиров «Акфа» цехини, Анвар Ҳамидов темирчилик устахонасини очиб, Сурайё Жўраева уй хўжалиги учун қўй-қўзи ва фарзанди номига мотокултиватор техникасига эга бўлишиб, даромад топишмоқда. Ишини ривожлантираётганлар эса ўзи билан бирга 3-4 кишини ҳам ишли қилишнинг уддасидан чиқишмоқда. Муҳими, шу тариқа зарур чора-тадбирлар туфайли маҳаллада мавжуд муаммоларга ечим топилиб, камбағаллик даражаси қисқартирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати